Нукусда янги саноат корхонаси иш бошлади

Президентимиз жорий йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳрида қуриладиган бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳалари билан танишиб, экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берган эди. 

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида ана шу лойиҳалардан бири – умумий қиймати 19 миллиард сўм бўлган “Нукус электроаппарат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона фойдаланишга топширилди. 

Корхонада замонавий технология асосида йилига 6-10 кВ. қувватга эга 250 дона комплект трансформатор подстанциялари ишлаб чиқарилади. 60 нафар ёш мутахассис бандлиги таъминланган корхонада ишчи-хизматчиларнинг самарали ишлаши учун барча шароит яратилган. Корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, ишчилар сони 200 нафарга етади. 

8.jpg

 

– Италия, Германия, Швейцария, Хитой ва Россия давлатларидаги нуфузли фирмалар томонидан ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳларнинг ҳаммаси компьютер орқали бошқарилади, – дейди оператор Мийрбек Фозилжонов. – Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар халқ хўжалигининг муҳим тармоқларида фойдаланиши билан бирга, хорижга ҳам экспорт қилинади. 

2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 70 дан зиёд ана шундай йирик лойиҳа амалга оширилиши, бунинг самарасида 14,2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди. 

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА

Бўлимлар