Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича қўмитаси раиси: Қорақалпоғистонда 2017 йилда хориж инвестициялари асосида 7 корхона рўйҳатга олинди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O’zLiDeP фракцияси иш режасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт, Молия, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича қўмитаси томонидан мазкур йил давомида республикамиздаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бўйича амалга оширилаётган чораларнинг ҳисоботлари тингланди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги O’zLiDeP фракцияси раиси С.Турманов очди ва бошқариб борди.

Ҳисоботда Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар бўйича қўмитаси раиси Садиков Камал бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги инвестиция корхоналари ҳақида маълумот берди.

“2016 йил давомида республика бўйича жами 10 та янги хориж инвестициялари иштирокидаги корхоналар давлат рўйҳатига олинган бўлса, 2017 йилнинг 7 ойи давомида 7 корхона рўйҳатга олинган. Натижада республиканинг Нукус шаҳри ва барча туманларида 73 хориж чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар давлат рўйҳатига олинган. Рўйҳатга олинган хориж инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг асосий улуши Нукус шаҳри (16), Қўнғирот тумани (8) ва Хўжайли тумани (7)га тўғри келади.

Бу корхоналарда 3 мингга яқин одам иш билан банд бўлиб, 2016 йилда улар томонидан 1 970 млрд сўмдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб хизмат кўрсатилди. Экспортга чиқарилган маҳсулотлар 373,7 млн.долларни ташкил қилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар қаторида полиэтилен ва полипропилен гранулалар, қизил мия илдизи экстракти, йиғирилган ип, натрий сульфати, артемия цисталари ва автомобилларга ёнилғи газ қуйиш, тиббиёт, меҳмонхона хизматлари кўрсатилган”, дейди Камал Садиков.

Тадбир давомида юқорида сўз этилган мавзулар юзасидан фикр-таклифлар билдирилиб, олдинда турган вазифалар белгилаб олинди ва тадбир иштирокчилари партия ташкилотининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланишди.

Фурқат Юсупов
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот ҳизмати

Бўлимлар