"Қизилқум” ширкат хўжалигида 17 минг бошдан зиёд қўй, 400 бош йилқи, 350 бош туя боқилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган “Қизилқум” ширкат хўжалигида қоракўл терисини экспортга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва қоракўлчилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга бағишланган кўргазмали ўқув-семинар бўлиб ўтди. 

Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг қоракўлчилик хўжаликлари раҳбарлари, мутахассислар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш жараёнида чорвачиликни ривожлантириш орқали қимматбаҳо қоракўл тери, гиламбоп жун, пўстинбоп қўй териси етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. 

Иштирокчилар дастлаб экспортга тайёрланаётган маҳсулотлар, чўпонларнинг яшаш шароитлари ва яйловлар билан танишди. 

Қоракўлчиликка ихтисослашган “Қизилқум” ширкат хўжалигида 17 минг бошдан зиёд қўй, 400 бош йилқи, 350 бош туя боқилмоқда. 

– Сур терига жаҳон бозорида талаб ҳамиша юқори бўлган, – дейди биология фанлари номзоди Қўйлибой Очилов. – Унинг товланувчан ранги, толасининг майинлиги ва ўзига хос нақши кўпчиликнинг эътиборини тортади. Терига дастлабки ишлов бериш эҳтиёткорлик ва катта маҳорат талаб этади. 

Семинарда қоракўл тери ва қўй жунини қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали янги иш ўринлари яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА 

Бўлимлар