ҚДУнинг 1 курс талабаларига талабалик гувоҳномаси топширилди (фото)

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллик байрами муносабати билан 2017 йил 2 сентябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон» шиори остида «Мустақиллик дарслари» ва «Маънавият соати» ўтказилди. Байрам кечасини университет ректори А.Реймов очиб берди ва мустақиллигимизнинг 26 йиллиги ва янги ўқув йили билан қутлади. Янги 2017-2018 ўқув йилида университетимизга тест синовларисиз қабул қилинган ва юқори балл билан талаба бўлган ёшларга тантанали талабалик гувоҳномаси топширилди. Бу ҳақда университет расмий сайти хабар бермоқда.

Шундан сўнг, шу йили университетимизнинг қорақалпоқ тили ва адабиёти республика фан олимпиадаси ғолиби, Қорақалпоқ филологияси факультетининг 1 курс талабаси Бийбихатша Жолдасбаева сўзга чиқиб, йиғилганларни улуғ сана, шунингдек, тенгдошларини талаба бўлганлиги билан қутлади. Университет талабаси бўлишдек бахтга муяссар бўлган ёшларнинг ота-оналарининг номидан Бийбиайым Дауекеева ўзининг қувончлари билан бўлишди. Бундан сўнг университетимиз профессори, филология фанлари доктори Қурбанбай Жаримбетов йиғилганларни мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами билан ва бошланаётган янги ўқув йили билан қутлади.

Тадбир мустақиллигимизга асос солган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни эслаш дарслари билан давом этди.

Кечага Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Райси Муса Ерниязов қатнашди.

Бўлимлар