Амударё туманидаги сайёр қабулда 30 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди

5 сентябрь куни Амударё туманида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ва Амударё туманидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган, Республика миқёсида ечимини кутаётган 30 дан ортиқ мурожаатлар турли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирокида кўриб чиқилди.

Жорий йил ҳисобига иккинчи марта ўтказилаётган сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг масъуллари бошчилигида фуқароларимизни қийнаб келаётган кўплаб муаммоларга ечим топилди, айрим масалалар қонун доирасида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун тегишли давлат органларига юборилди.

Айтиш керакки, тумандаги Халқ қабулхонасига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни иложи борича туманнинг ўзида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда ҳар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари туман ҳокимидан тортиб, барча соҳаларнинг масъул раҳбарлари иштирокида Халқ қабулхонасида фуқаролар бевосита қабул қилинади.

Биргина жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида Халқ қабулхонасига келиб тушган 481 та мурожаатларнинг 199 таси, ёки 42 фоизи жойида, туманнинг ўзида ҳал қилингани фикримизнинг исботидир.

Дарҳақиқат, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири туради. Бугунгидай сайёр қабулларнинг ўтказилиши, одамларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топилиб, таклиф ва шикоятларининг инобатга олиниши уларнинг бугунидан рози бўлиб яшаши, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

Бўлимлар