“Жайхун” жамоаси “Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар ёшлар нигоҳида” кўрик-танлови ғолиби бўлди

Нукусда “Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар ёшлар нигоҳида” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” томонидан ўтказилган танловда Нукус шаҳри, Чимбой, Мўйноқ ва Амударё туманлари жамоалари ўзаро баҳслашди.

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий кенгашларга партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада такомиллаштириш, ёш авлоднинг талаб ва эҳтиёжини ўрганиш, партия ғояларини тарғиб этиш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ташкил этилган танловда жамоалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати, партия низоми ва дастурига доир билим ва сиёсий қарашларини синовдан ўтказди.

Барча шартлар бўйича энг юқори балл тўплаган Нукус шаҳрининг “Жайхун” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА

Бўлимлар