Амударё туманида имконияти чекланганларга янги уй-жойлар топширилди (фото)

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан туманимизнинг Тош-ёп овули ҳудудида 2 қаватли, ҳар бири 16 хонадонли 2 та турар жой қурилиши бошланиб, мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида қуриб битказилган эди.

Мана шу кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг 4 таси Амударё туманида истиқомат қилаётган имконияти чекланган юртдошларимизга тантанали равишда топширилди.

Амударё тумани ҳокимлигининг расмий сайти хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва бошқалар ногиронларга тантанали равишда уй-жой топшириш бўйича ўтказилган маросимда иштирок этиб, юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтдилар. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ногиронлар ва имконияти чекланганларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Биргина мисол – ногирон аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз топшириғига асосан меҳнат қилиш имконияти бўлган хотин-қизларга "Пахтасаноат" уюшмаси ҳудудий бўлимлари томонидан замонавий тикув машиналари берилди. Эндиликда тикув машиналари эгалари "Пахтасаноат" уюшмаси ҳудудий филиаллари билан тузилган шартнома асосида пахта териш учун этаклар, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча, махсус иш кийимлари ва соҳада зарур бўлган бошқа маҳсулотлар етказиб беради. Уларнинг иш ҳақи олдиндан тўлаб берилади. Ўн мингдан ортиқ этак тиккан тикувчиларга арзон уйлардан сотиб олишлари учун етадиган бадал пули – 10 миллион сўм маблағ пластик карточкаларига ўтказиб берилади. Шунингдек, маҳсулот тайёрлаш учун зарур бўлган мато ва ип пахта тозалаш корхоналари томонидан етказиб берилади. Бу имконият ногиронлар учун даромад манбаларини шакллантириш ва фойдали иш билан машғул бўлиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда 4 нафар юртдошларимизга янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Айтиш керакки, ушбу хонадонларда уй эгалари учун барча шароитлар яратилган. Кўп квартирали уйларни қуришда квартиралар эгаларининг эхтиёжларини қондириш мақсадида ҳовлида жойлаштириладиган иморатлар — болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар, душ ва бошқалар барпо этиш ҳамназарда тутилган.

Янги хонадонлар эгалари бундай ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга катта миннатдорчилик изҳор қилдилар. Ўзларининг фидойи меҳнатлари билан давлатимиз ва жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшажакларини таъкидладилар.

Бўлимлар