Хўжайлида эшитиш ва гапириш имконияти чекланган аёлга уй берилди

Қорақалпоғистон Республикасида уй-жойга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уйларнинг калити тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик фазилатлари, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодаси сифатида юртдошларимизда бугунидан шукроналик ва эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда. 

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ бунёд этилаётган замонавий турар жойлар кам таъминланган ва ёш оилаларга, ёлғиз кексалар ва ногиронларга имтиёзли равишда берилмоқда. 

Хўжайли тумани “Обод” массивида янгиланган лойиҳа асосида қурилган бир қаватли 15 замонавий уй фойдаланишга топширилди. Улардан бири II гуруҳ ногирони Ўринша Кенжебоевага берилди. Ўриншага уй шароитида ишлаб, даромад топиши учун сўнгги русумдаги тикув машинаси ҳам совға қилинди. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган бу аёл ўз уйига эга бўлганидан беҳад хурсанд. 

– Қизим бундай бахтга муяссар бўлганидан кўнгли шодликка тўлди, – дейди унинг онаси Санжан Табинбоева. – Бир оилада 12 киши сиқилиб яшаётган эдик. Қизим ўғли билан ўз уйига эга бўлганидан бошимиз кўкка етди. Муҳтожларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз. 

Бўлимлар