Наврўз Хаипов: “Бу мавсум 30 та гол урмоқчиман”

Нукуснинг “Орол” жамоаси Биринчи лиганинг 10-турида ўзз майдонида Тошкент шаҳрининг “Оқ-тепа” клубини йирик 5:1 ҳисобида таслим этгании ҳақида хабар бериб ўтган эдик. Биз мазкур баҳс қаҳрамони, “хет-трик” муаллифи Наврўз Хаиповни ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Учрашув яхши ўтди. Жамоамиз аҳилликда тўп суриб, рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Нукусдаги ўйинларда учинчи марта йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Бунда албатта мухлисларимизнинг ҳам хиссаси юқори. Улар бизни қўллаб-қувватлаб туришар экан, шундай яхши ўйнаб, ижобий натижаларни қайд этишга ҳаракат қилаверамиз.
- Мавсум давомида нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
- Ҳозирча мавсум давомида урган голларим сони 8 тага етди. Мавсум олдида, ҳар бир беллашувда гол уришни мақсад қилгандим. Иштаха овқат пайтида келади дейишганидек, ушбу мавсумда 30 гол уришни режа қиляпман.
- “Орол” олдига нима вазифа қўйилган?
- Бизнинг олдимизга вазифа қўйилмаган. Биз фақат ҳар бир ўйинда ютишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўямиз.
- Сафардаги ўйинлардаги омадсизликка нима сабаб бўлмоқда деб ҳисоблайсиз?
- Жамоамиз анча ёш. Шу боис бизга тажриба етишмаяпти, десам муболаға бўлмайди. Кўпчилик футболчилар ҳали ёш бўлгани учун ҳам, битта гол ўтказиб юборганидан кейин руҳий томонлама ўйинни бой беряпмиз.
- Мавсум аввалида “Орол”ни бир нечта футболчилар тарк этишди. Сизга ҳам таклифлар бўляптими?
- Биринчи даврадан кейин таклифлар бўлса керак деб ўйлайман. Ҳозирча бор диққат эътиборим “Орол” жамоасига қаратилган.

Фурқат Юсупов суҳбатлашди.

Манба: KRuz.uz

Бўлимлар