Ахмет Урумбаев: "Фуқаролар дорихоналардаги бир турдаги дори-дармоннинг турли нархларда эканидан нарози" (Интервью)

Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси истеъмолчини хурсанд қиладиган яхши янгиликларнинг ташаббускорига айланмоқда. 2017 йилда федерация янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширди. Хўш, бу қандай лойиҳалар ва ташаббуслар бўлди? Федерация истеъмолчилар ишончига қай даражада сазовар? Бу ҳақда билиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси Ахмет Урумбаевни суҳбатга чорладик.

— “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилида бир нечта лойиҳалар амалга оширилди. Уларнинг энг йириги — “Медиа рейд”. Бунда Нукус юридика коллежи ўқувчилари билан бозор, савдо расталари ва дўконларга бориб, яширин камера, диктафонлар ёрдамида сифатсиз маҳсулотилар сотаётган ёки пластик карточкаларга устама ҳақи қўяётган сотувчиларнинг қонун бузиш ҳолатлари ўрганилди. Натижада, истеъмолчи ҳаққига хиёнат қилувчи “ишбилармонлар” тегишли тартибда жазоланди. 

Бизнинг асосий вазифамиз нафақат истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки истеъмолчини шундай қонун бузилиш ҳолатларига учраштирмасликдир. Бунинг учун жойлардаги мавжуд муаммолар ҳақида истеъмолчидан аввал маълумотга эга бўлишимиз керак. 

Ахмет Нағметович, “муаммони ўзимиз олдиндан ўрганишимиз керак”, деяпсиз қандай қилиб? Ахир бозор, савдо ўринлари, дўконлар кўп бўлса... Ёки бирор самарали механизмни қўллашни тавсия этасизми?

— Халқимизда “ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам оти чиқмас”, деган гап бор. Ҳеч қайси ташкилот мониторингни ёлғиз ўзи олиб боролмайди, жамоатчилик назоратининг кўмагига суянади. Биз 2016 йил Федерациянинг бир қатор давлат идоралари ва ташкилотлар билан имзолаган чора-тадбирлар режаси асосида “ижтимоий шериклик”да бу лойиҳани амалга ошириш тарафдоримиз.

Агар истеъмолчи иштирокчи бўлмаса, муаммоларни қандай аниқласа бўлади? Бунинг иложи борми?

— Бунинг учун юқорида таъкидлаганимдек, ижтимоий шерикликда савдо ўринларини мониторинг қилиш керак. 

— Балки, “Жамоатчилик назорати” бу ишда қўл келар? Нима дедингиз, Ахмет Нағметович? 

— Жамоатчилик назорати — бугун катта куч. Буни ҳеч қачон инкор этолмайди. Мен фақат муаммога истеъмолчини йўлиқтирмай туриб, уни ҳал қилиш керак, деган фикрдаман холос. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Қорақалпоғистон Республикасида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда турли соҳаларда истеъмолочиларнинг назоратини кучайтириш ва бу борадаги ишларни оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш масалалари ўз ифодасини топди. Шу асосда “Қорақалпоғистон” телеканали орқали “Ишонч телефони ишончлими” мавзуидаги махсус рубрика ташкил этишни режалаштирдик. Шунингдек, айни пайтда “Нукус ФМ” ва “Қорақалпоғистон” радиоканали орқали “Ўз ҳуқуқингни биласанми” мавзуидаги жонли эшшитириш ҳам эфирга узатилмоқда. Бу аҳолининг ўз ҳуқуқларидан вақтида хабардор бўлиб, истеъмол маданияти янада ошишида катта кўмак бўлмоқда. 

Халқ билан суҳбатлашиб, уларга кўнглидаги гапини айтишга изн бериш биринчидан муаммоларни ойдинлаштиради, иккинчидан аҳолининг ишончини оширади. Шундайми? Бу борада Федерация қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Федерациянинг туман ва шаҳар бўлимлари раислари турли аудиторияларга кириб, халқ билан эркин мулоқотни ташкил этмоқда. Шу бугунгача 50 дан ошиқ мулоқотлар ўтказилди. Бу эса аҳолининг ўз ҳуқуқларини яхши англашида ёрдам бермоқда. Бунинг натижасини жамиятларимизга тинимсиз келаётган ариза ва шикоятлар мисолида кўришимиз мумкин. Федерацияга жами 299 та мурожаат келиб, уларнинг 284 таси ижобий ҳал этилди. Фуқароларга 79 миллион сўм ундирилиб берилди.ушбу мурожжатларнинг 77 таси соғлиқни сақлаш, 85 таси электр энергияси билан боғлиқ. 

— Демак, айнан шу икки соҳадаги муаммолар кўп. Бу рақамлар шуни англатадими? Ўтган йилги ҳисобатда ҳам шу икки соҳадаги аризаларнинг кўплигини кузаткандик. Нега сон камаймаяпти ёки қонун бузғунчилари ҳамон ҳайиқмаяптими?

— Фуқаролар дорихоналардаги бир турдаги дори-дармоннинг турли нархларда эканидан нарози. Бу бўйича биз шикоятлар асосида мониторинг ишларини олиб бордик. Четдан келаётган дориларга белгиланган фоиздан ортиқ қўшаётган сотувчиларга тегишли чоралар кўрилди. Бозор катта, унинг бутун бурчагини текширишга имкон йўқ. Шу боис истеъмолчиларнинг ташаббусига доим суянамиз.  Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан “Сизга нима ёқмайди” мавзуидаги сўровнома ўтказяпмиз. Бунда шифохоналарда даволанаётган беморлар ва бошқа фуқаролар рўйи-рост камчиликлар ҳамда ютуқларни айтапти. Бу ўз навбатида шу соҳадаги муаммоларнинг камайишида ўзининг акс-садосини беряпти. Ушбу сўровномани айнан электр энергияси соҳасида ҳам ташкиллаштиришни режалаштирдик.

Маълумотларда Федерация ва унинг туман, шаҳар жамиятларининг ўтказган ўқув-семинар ва тадбирлари сони 200 дан ошиқ деб кўрсатилган. Сонга эмас, сифатга кўпроқ эътибор қаратяпсизми ёки...

— Халқ номига ўтказилаётган тадбирларни ёқтирмайди. Уларнинг энг қимматли вақтини ўғирлашга эса ҳаққимиз йўқ. Тадбирларни ноанъанавий тарзда, жонли мулоқот шаклида ташкил этяпмиз. Шунга қарамай айрим туман жамиятларида ҳамон эскича усулда тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кузатилаётир. Буни бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. 

— “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхонаси фаолиятига ҳам назар ташласак. Шу кунгача нечта фуқаро қабулхонага келди? Уларни қандай масалалар безовта қиляпти? 

— Қабулхонамизга 10 нафар истеъмолчи мурожаат этиб, уй жой ва коммунал тўловлар, пластик карточкалари ҳақидаги саволлари билан юристимизга мурожаат этди. Уларга муаммонинг қонуний ечими бўйича зарур маслаҳатлар берилди. 

Қайси лойиҳаларингизни оммавийлаштиришни таклиф этасиз? Ахмет Урумбаев, Сиз Федерациянинг қайси ҳудудий бўлимининг фаолиятини ижобий баҳолайсиз

— “Мониторинг монитори” лойиҳамиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда самарали бўлмоқда. Бунда журналистлар ва Федерациямиз ходимлари огоҳлантиришсиз жойларга бориб, шифохоналардаги муаммоларни ўрганади ва бу телевидениеда намойиш этилади. Ҳар бир Федерациянинг ҳудудий бўлимида биз ўрганадиган ва намуна сифатида қабул қиладиган қирралар мавжуд. Шунинг учун у ёки бу ҳудудий бўлимни айтишим нотўғри бўлса керак.

Суҳбатингиз учун ташаккур! 

Ишонч ўчирғичга ўхшайди. Ҳар бир қилинган хато туфайли у кичрайиб бораверади. Шундай экан Федерация истеъмолчиларнинг ишончини оқлашга жон фидо этмоғи керак.


Қумар БЕГНИЯЗОВА суҳбатлашди.

Бўлимлар