Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ҚДУда профессор-ўқитувчилар билан учрашди

Бугунги кунда Қорақалпоқ давлат университетида 8 мингдан ортиқ талабалар ва магистрлар таҳсил олаётган бўлса, улар учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилган.

Айниқса, ўтган йиллар ичида университетда 51 миллиард сўмлик маблағ ҳисобига қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши, 7 миллиард сўмга замонавий мебел ва жихозларнинг олиб келиниши таълим сифатини янада яхшилашга замин яратмоқда.

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши ёшларимиз ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қорақалпоқ давлат университетига ўтган ўқув йилида 1894 талаба қабул қилинган бўлса, жорий ўқув йилида уларнинг сони 306 га, яъни 16 фоизга ортди. Жорий ўқув йилидан бошлаб талаба бўлиш бахтига эришган 640 талаба давлат гранти асосида, 1560 талаба тўлов-шартномаси асосида университетга қабул қилинди.

11 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов университетда бўлиб, профессор-ўқитувчилар билан учрашди ва улар билан талабаларга янада қўлай шароитлар яратиш, таълим жараёнида учраётган масалаларни ҳал қилиш, олимларнинг илмий ишлари самарадорлигини ошириш, уларни ҳаётга тадбиқ этиш каби масалалар бўйича фикрлашувлар олиб борди.

Ўз навбатида университет профессор-ўқитувчилари Муҳтарам Президентимиз томонидан таълим тизимига, илм-фан аҳлига қаратилаётган юксак эътибор учун миннатдорчилик билдирди ва ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан таклифларини илгари сурди.    

Бўлимлар