Амударё туманида Амфитеатр, бассейн қуришни таклиф этишди (фотогалерея)

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ташкил этилган “Ёшлар поезди" акцияси тарғиботчилар гуруҳи Амударё туманига ташриф буюришди.

Лицей залида ташкиллаштирилган учрашувда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб олиш билан биргаликда, таклифларни ҳам билдириб ўтишди.

Учрашув давомида икки нафар Олий маълумотли қиз ишга жойлашиш борасида ёрдам сўради. Туман ҳокими ўринбосари Алишер Юлдашев туман марказида ўқитувчиларнинг етарли эканлиги, шу боис бўш иш ўринлари йўқлигини билдирди. Бироқ қишлоқларда ўқитувчиларга муҳтожлик борлигини, агар улар хоҳлашса қишлоқдаги мактабларга ишга жойлашишлари учун шахсан ўзи ёрдам беришини айтиб ўтди. Вазият ўрганилиб, назоратга олинди.

Шунингдек, бир қатор таклифлар ҳам келиб тушди. Жумладан туман марказида сўзиш бўйича бассейн ва футбол майдони қуриб бериш таклифини берди. Ушбу таклифга ҳам ҳоким ўринбосари жавоб қайтарди. А.Юлдашевнинг маълум қилишича бу йил туман марказида сунъий қопламали футбол майдони фойдаланишга топширилган ва яна иккитаси келаси йилнинг март ойида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Амударё туманида Амфитеатр қуриш таклифига ҳам А.Юлдашев жавоб қайтарди. Маълум бўлишича туман Маданият саройи замонавий тарзда реконструктция қилинмоқда бу сарой ҳам келаси йили фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Эътиборли жиҳати учрашувда қатнашган қиз бўйи кичиклиги боис ҳарбий ўқув юртларига ўқишга кира олмаётганини айтиб ўтди. Унинг айтишича бир нечта спорт турлари билан шуғулланар экан, жумладан бокс билан ҳам. Ота-онасига ҳарбий бўлишни ваъда берган қиз бўйи 160 см бўлгани учун талабга жавоб бера олмаётган экан. Бу қизнинг таклифи ҳам алоҳида ёзиб олинди.

Бундан ташқари иккита ўқувчи китоб чиқаришга ёрдам сўраб, яна иккита колледж битирувчиси ишга жойлашиш борасида ёрдам сўради. барча таклифлар ёзиб олиниб, назоратга олинди.

Учрашув пайтида Ўзбекистон Психологлар Асоциацияси аъзоси Вилоят Давлатова ўқувчилар билан алоҳида суҳбатда бўлди.

Тадбир сўнгида Қорақалпоқ эстрадаси вакиллари Арепбай Алланиязов, Байрам Пердебаев, Арисланбек Асқаров ва Махсет Пўлатов шўх қўшиқлари билан ўқувчиларга қувонч улашишди.

 

Фурқат Юсупов

Бўлимлар