Қорақалпоғистонда 125 нафар профилактика инспекторига хизмат уйи ва автомашиналар топширилди

Нукус шаҳридаги Мустақиллик майдонида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторлари ўзларига ишониб топширилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов ва бошқалар мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда 125 нафар профилактика инспекторига замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калити тантанали равишда топширилди. 

Профилактика инспекторларига замонавий уй ва автомашина калити топширилди

– Ҳозиргача ўзим хизмат қилаётган ҳудудга 25 километр узоқдан қатнар эдим, – дейди Амударё туманидаги “Тўлқин” овул фуқаролар йиғини профилактика нозири Б.Бекбергенов. – Энди шу овулнинг ўзидан барча қулайликларга эга янги хизмат уйининг калитини беришди. Ишимизнинг янада самарали бўлиши учун узоқ муддатли кредит ҳисобига янги автомашинали ҳам бўлдим. Овулимизда истиқомат қилаётган 7 минг 300 дан зиёд аҳолининг 25 фоизи ёшлардир. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун спорт тўгараклари фаолиятини янада кучайтирдик. Шу орқали кейинги йилларда ҳудудимизда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди. 

Нукус шаҳрининг Гулзор маҳалласида истиқомат қилаётган 3 минг 200 дан зиёд аҳолининг дарду ташвишига қулоқ тутиб, уларнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаётган профилактика нозири С.Хўжанов оиласи билан шу маҳаллага кўчиб келди. Унга ҳам замонавий уйнинг калити топширилди. 

Профилактика инспекторларига замонавий уй ва автомашина калити топширилди 

– Аҳоли билан яқин мулоқот, ёшлар ўртасида ўтказилаётган профилактика тадбирлари ўз самарасини бериб, кейинги икки йилда ҳудудимизда бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилмади, – дейди С.Хўжанов. – Эндиликда маҳалланинг ўзида яшаб, кеча-ю кундуз одамлар орасида бўлиш имконияти яратилгани фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталари ижросидаги концерт дастури тадбирга янада файз бағишлади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА 

Бўлимлар