Чорак асрлик армон: Нукуслик шахс Ўзбекистон фуқароси бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, ҳар бир фуқарога бериладиган паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, унинг эгаси давлат муҳофазасида экани таъкидланди. 

Фуқаролик паспортига эга бўлганлар орасида нукуслик Комилжон Йўлдошев ҳам бор. У қўшни Туркманистонда туғилиб ўсган. Ўрта мактабни тамомлагач, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олган. Кўп йиллардан буён савдо соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил ва икки қизни тарбиялаб камолга етказди. 

– Бугун чорак аср давомида армон бўлиб келган орзуим амалга ошди, – дейди Комилжон. – Ўзим ва фарзандларим яшаб, меҳнат қилаётган давлат фуқароси бўлдим. Мен ҳам энди барча каби ўз ҳуқуқларимдан эмин-эркин фойдалана оламан. Сайловларда иштирок этиб, юртимиз келажаги учун овоз бераман. Бундай бахтга муяссар қилган Президентимиздан миннатдорман. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлганимдан фахрланаман. 

Шунингдек, тадбирда ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг 16 ёшга тўлган ўқувчиларидан бир гуруҳига биометрик паспорт топширилди. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар