Қўнғиротда ишбилармон талабалар аниқланди

Ўзбекистонда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаолигини ошириш, иқтисодий, молиявий жиҳатдан кўмак бериш, бандлигига кўмаклашиш, умуман, таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ҳамда касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур шароитлар яратилган. Бу ўз навбатида, йигит-қизларнинг барча соҳаларда ўз истеъдодини амалда намоён этишига, уларнинг бандлигини тўлиқ таъминлашга кенг замин яратаяпти. O’zLiDeP Қўнғирот туман кенгаши томонидан ўтказилган “Ишбилармон талаба” кўрик-танловининг туман босқичида ҳам кўплаб ёш иқтидор эгалари ўзининг изланиш ва интилишлари билан кўпчиликни лол қолдирди.  

З.Туребаева, O’zLiDeP Қўнғирот туман Кенгаши аппарат раҳбари:

– Бугунги танловдан кўзланган асосий мақсад академик литсей ва касб-ҳунар коллежи ёшларининг тадбиркорликка бўлган қизиқишини янада кучайтириш, сиёсий-ҳуқуқий билим-кўникмасини бойитиш, тадбиркорликка жалб этиш ва шу орқали уларнинг бандлигини таъминлашдан иборат бўлди. Зеро, юртимизда ёшларнинг ҳунар эгаллаши, қизиққан соҳаларида эмин-еркин фаолият юритиши ва ҳар томонлама баркамол соғлом ва бақувват бўлиб камол топиши учун барча шароитлар муҳайё. Бугунги танловда ҳам фаол шижоатли, изланувчан, ҳаракатчан коллеж ёшлари ўз тенгдошлари билан партиянинг ғоявий дастурларини тарғибот этишдаги фаоллиги, билим даражаси, сиёсий ҳуқуқий саводхонлиги ҳар тарафлама синовдан ўтказилди.

Гулзор Тажибаева, Қўнғирот саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, танлов ғолиби:

  • Мазкур танловга ўз қўл меҳнатларим билан тайёрлаган андозаларим билан иштирок этдим. Айтиш жоиз, танлов ниҳоятда таассуротларга бой тарзда бўлиб ўтди. Негаки, унда мен қатори кўплаб иқтидорли, изланувчан ёшлар ўзининг чиройли ва бежирим ишлари билан иштирок этиб кўпчиликни эътиборини ўзига қаратишди. Тўғриси, ҳозир жудаям ҳаяжондаман. Чунки мени бугунги танловнинг 1-ўринига лойиқ деб топишди. Келгусида менга берилган ишончни оқлаш ва мамлакат ривожи, равнақи йўлида ўз улушимни қўшиб,  изланишларимни изчил давом эттириш ниятидаман.

Танлов давомида ҳакамлар ҳайъати томонидан ўз қобилияти ва иқтидорини кўрсата олган, тадбиркорликка қизиқишлари баланд ёшларимиз аниқланди. Унга кўра Қўнғирот саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулзор Тажибаева 1-ўринга, мазкур коллежнинг яна бир ўқувчиси Салтанот Тўйлибаева 2 ўринга муносиб деб топилган бўлса, тикувчилик соҳаси бўйича Қўнғирот қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Нулуфар Утеханова 3 ўринга муносиб деб топилди.

Ғолиб бўлган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди, танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олиш имконига эга бўлишди.  

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати

Бўлимлар