Султон Увайс тоғидан топилган оссуарийлар фан учун муҳим янгилик

Ақчахан қалъанинг тарихи тўғрисида айтганда дастлаб 1937 йилда Москва Фанлар академияси ҳузурида Толстов экспедициясининг очилганлигини таъкидлаш жоиз. Мазкур экспедиция 1945 йилгача Хорезм археологик экспедицияси деб номланган бўлса, ундан буён мустақиллик йилларигача Жданконинг раҳбарлигидаги этнографик экспедиция деб номлана бошлади. Мазкур экспедиция шу йиллар мобайнида Қорақалпоғистон территориясида, жумладан, Ақчахан қалъанинг тарихи бўйича фаолият олиб борди. Шунингдек, қалъани Андриянов, Ғуломовлар ҳам ўрганиб, мазкур ёдгорлик тарихини милоддан аввалги II, III IV асрлардаги Кушан даври билан боғлайди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар бермоқда.

– Мана, деярли етти йилдан буён ушбу экспедиция аъзосиман. Биз шу йил Султон Увайс тоғ тизмаларида қазиш ишларини олиб бордик, – дейди Франциянинг Бордо университети доценти, археолог Микеле Минарди. – Биз тоғ тизмаларида оссуарийларга дуч келдик. Ҳозир мана, шу оссуарийларнинг ичидан топилган одам суякларини, зороастризм дини давридаги урф-одатларни ўргонмоқдамиз. Бу топилмалар фақатгина Қорақалпоғистон учун эмас, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга хазина бўлиб топилади. Қазиш ишларини яна давом эттирамиз, сабаби бу ҳудудлар ғоят қизиқарли топилмаларга бой деб ўйлаймиз.

– Мен Францияда расм консерватори бўлиб ишлайман. Мазкур экспедиция лойиҳасида ҳамкорликда ишлаётганимдан бахтиёрман, – дейди парижлик реставратор Мелоди Банот. – Қадимий расмлар устида ишлаш жудаям мароқли ва қизиқарли, шунингдек машаққатлидир. Сабаби, бу жойда кўплаб фрагментлар мавжуд бўлиб, улар биздан машаққатли ва масъулиятли ишни талаб қилади. Қадимги расмларнинг кичкина бўлакларини қураштириб аввалги ҳолатига олиб келиш осон эмас. Бу жараён ғоят муҳим бўлиб, фрагментлар топилган «катта зал»нинг узунлиги 20 метрни, баландлиги 10 метрни ташкил қилади. Ҳозирча бизда 3та фигура бор, улар Авесто даврига тегишли. Бу жойда бундан ҳам кўп фигуралар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Биз ушбу фигуралар билан шу жойдан топилган боғ расмлари ўртасидаги боғлиқликни тушуна олмаябмиз. Ишларни давом эттирамиз.

Бўлимлар