Буюк Хитой девори Қорақалпоғистонда ҳам барпо қилинганми?

Бизни яна бир ҳайратлантирган маълумот бу Буюк Хитой деворига ухшаш деворларнинг Қорақалпоғистон ҳудудида, яъни Ақчахан қалъада топилгани бўлди.

Бу хусусида ва Ақчахан қалъадан топилаётган бошқа бебаҳо топилмалар ҳақида профессор Ғ.Хожаниязов шундай дейди:

«Шахсан ўзим 1982 йилда Қизил қалъани қазаётган пайтимда, шу ҳудудда истиқомат қилувчи Гузенбай оғанинг кўрсатмаси билан Ақчахан қалъага диққат қарата бошладим. 1992 йилда бу ерга Сидней университети профессори А.Беттснинг келиши қалъани янада батафсил ўрганишимизга сабаб бўлди.  Яъни, биз 1995 йилда унинг раҳбарлигида қалъада (В.Ягодин, И.Новицкий, А.Беттс ва мен) қазиш ишларини бошлаб юбордик. Ақчахан қалъанинг ҳудудини 1920-1930 йилларда Қозоғистонда очарчилик оқибати туфайли Устюртдан тушиб келган ақтобели қозоқ қариндошлар макон қилади ва бу жой «Қазақли ётган» деб номлана бошлайди. Улар марҳумларни ушбу тепаликдаги Ақчахан қалъага дафн қилган. Биз қазиш даврида шундай ўн етти қабрни учратдик.

Амударёнинг ўнг томонидаги бу катта қалъанинг номи тўғрисида эса қатор манбалар мавжуд. 1910-1912 йилларда шу ҳудудда тадқиқот ишларини олиб борган россиялик тўпроқшунос Н.А.Димонинг ёзма манбаларида у «Аёз қалъа билан Қизилқалъа ва Ақчахан қалъанинг ўртаси маданий-тарихий эсдаликларга жуда бой экан», деб бу муқаддас тўпроқни Ақчахан қалъа, деб атайди. Ўрта аср ёзма манбаларида Қадимги Хоразмнинг пайтахти «Даржас» бўлган деган ҳам маълумот бор. Демак, бул қалъа номи «Даржас» бўлиши ҳам мумкин.

Фото: Ақчаханда қазиш ишлари

Ақчахан қалъа 50 гектардан зиёд майдони, беткарор меъморий қурилиши (уч қават), ундаги ҳар хил катта дарвозалар, унинг ташқарисидаги «Буюк Хитой девори»га ухшаш қалинлиги уч метрга яқин, узунлиги беш километрдан ортиқ баланд деворлар, ундан бери томонидаги лой олинган теран ва энли хандак (душмандан беркиниш учун сув билан тўлдирилган чуқурлик)нинг жойлашиши, ҳаттоки, қалъадаги заҳ сувларнинг ташқарига чиқарилиши учун канализацияларнинг ҳам мавжудлиги  бу қалъанинг пойтахт шаҳар бўлганлигини исботлайди. Бу қалъа Ўрта Осиёда камдан-кам учрайдиган энг йирик қалъалардан бири.

Биз ҳозирги қазиш жараёнида қалъадан картиналар галереясини топдик. Бу дунё археологияси ва фанда муҳим янгиликдир. Мингдан ортиқ бу фрагментларда деворларга бир бирининг устига чизилган портретлар, отли пиёдали маросимга бораётган одамлар, ҳайвонлар, қушлар, боғлар, хуллас, зороастризм динига боғлиқ маросимлардаги ҳар хил кийим-кечаклардаги одамларнинг тасвири гавдаланган. Уларнинг кўпчилигининг тож билан тасвирланишига қараганда улар бирнеча династия вакиллари бўлиши мумкин, деб ўйлаймиз. Шунингдек, топилмалар ичида 6 метрлик одам тасвирланган расмлар ҳам бор.  Бу зороастризм дини худолари бўлиши мумкин. Яқинда Америка ва Канададан зороастризм  динига сиғинадиган туристларнинг бу маконни муқаддас санаб зиёратлаб кетгани ҳам бежиз эмас, балким.

Фото: Ақчахандан топилган қадимий картиналар

Микеле Минарди томонидан Султон Увайс, Қаратау тоғ тизмаларидан одам суяклари солинган ўнга яқин оссуарийлар топилди. Бизнинг фикримизча, шу ҳудуддаги Тўпроқ қалъа, Бурим қалъа каби қалъаларнинг аҳолиси марҳумларни махсус даҳмаларда суягини тозалаб, шу тоғга дафн қилган бўлиши мумкин.

Бу топилмалар тадқиқ қилишни талаб қилади, албатта. Бу бўйича Ирландиядан ҳам мутахассислар иштирок этмоқда.»

Ақчахан қалъа минглаб йиллардан буён боғрида сақлаб келган сирли хазиналарини бугун инсониятга инъом этмоқда. Бу ҳақида янада кўпроқ маълумотлар бериб борамиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

Бўлимлар