Мўйноқда бу йил 40 га яқин лойиҳа амалга оширилиб, 300 дан зиёд янги иш ўрни яратилди

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 28 февралда қабул қилинган "2017-2018 йиллар даврида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мазкур ҳужжатга асосан туманда тўқимачилик, тайёр трикотаж маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, сув насослари, пластмасса қувурлар, электротехника ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ маҳсулотлари тайёрлаш, фармацевтика учун ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сайёҳлик хизматини ривожлантириш бўйича 72 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. 

Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ, кейинги икки йилда 52,3 миллиард сўм ва 990 минг долларга тенг бўлган лойиҳалар амалга оширилиши натижасида қарийб 1 минг 350 иш ўрни яратилади. Бугунги кунгача бу борада 40 га яқин лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 300 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. 

“Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган лойиҳаларга кўра, туман марказида “Gold Muynak masters” масъулияти чекланган жамияти ишга туширилди. Бу ерда 99 замонавий тикув машинаси ўрнатилиб, кенг турдаги халқ истеъмол моллари, иш кийимлари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 158 аёлнинг иш билан бандлиги таъминланди. Уларнинг тенг ярмини касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар ташкил этади. 

– Марказдан 18 километр олисда жойлашган “Учсой” овули фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 100 аёлнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бирига “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси томонидан Японияда ишлаб чиқарилган, 12 жараённи бажарадиган “Janome” русумли замонавий тикув машиналари берилди, – дейди Мўйноқ тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зиёда Ўтегенова. – Уйда ишсиз ўтирган бу аёллар ҳам туманимизнинг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. 

Бўлимлар