Энергетик ичимликлар бизга керакми?

Сўнгги пайтларда барча соҳалар каби озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш соҳасида ҳам янгиликлар кўзга ташланмоқда ва ҳаётимизга жадаллик билан кириб келмоқда. Ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш ва маҳсулотларнинг таъмини яхшилаш учун озиқ-овқат саноатида махсус озуқавий қўшимчалардан фойдаланилади. Бундай қўшимчалар одатда зарарсиз бўлади, аммо уларнинг орасида инсон саломатлиги учун хавф туғдирадиганлари ҳам бор. Хусусан, одамларга энергетик қувват берувчи ичимликлар ҳам дўконларда кундан кунга кўпайиб бормоқда. Бугун уларни бозор, озиқ-овқат дўконлари, супермаркетлардан бемалол харид қилишингиз мумкин. Бу оддий ҳолатга айланиб қолган. Аммо энергетик ичимликларга вояга етмаган ўсмирларнинг ҳам қизиқиши баланд. Хўш, улар аслида биз ўйлаганчалик зарарсиз, реклама қилинаётгандек фойдалимикан... 

Аммо булардан аксариятининг саломатлик учун фойдасидан кўра зарари кўпроқ экани маълум, тағин барибир чарчоқ ғолиб келмаслигига булар юз фоиз кафолат бермайди.

Дунё олимлари ёшларни узоқ йиллар назорат қилиб борди. Маълум бўлишича, таркибида кофеин миқдори кўп бўлган энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллаштирувчи моддаларни тез-тез қабул қила бошлайди.

Жумладан, энергетик ичимликларга ўрганганлар бошқаларга нисбатан меъёридан ортиқ алкогол ичишни ва қўзғатувчи моддалардан фойдаланишни бошлар экан.

Тиббиёт мутахассисларининг маълумотларига қараганда, қувватбахш ичимликларнинг артериал босим ва қондаги қанд миқдорини ошириши, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариши, юрак урушининг меъёрини издан чиқариш эҳтимоли юқори эканлиги кузатилмоқда. Бу, ўз навбатида, энергетик ичимликларнинг зарарли жиҳатларини инсон ҳаёти, айниқса, ўсмир-ёшлар саломатлигига ўта хавфли таъсири борлигини янада яққолроқ намоён этади.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш”демократик партияси ҳам бугун бутун дунёда долзарб аҳамият касб этаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Давлат дастурини қабул қилиш ва унда аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш, шу билан бирга аҳолининг овқатланиш маданиятини юксалтириш мақсадини илгари суради.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялардан муҳофаза қилиш, шу билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш мақсадида, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан энергетик ичимликка таъриф бериш, уни реализация қилиш ҳамда реклама қилишни тартибга солиш билан боғлиқ меъёрларни киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди.

Қонун лойиҳасининг асосий мазмун-мақсади айрим ёшларнинг қувватни оширишда сунъий маҳсулотлардан фойдаланиб, уларга ўрганиб қолишини олдини олишга қаратилган.

Нурбек Есемуратов

ЎзМТДП ҚР Кенгаши етакчи мутахассиси

Бўлимлар