Қорақалпоғистонлик ёш дастурчиларнинг “Ijarachi.uz", “Kontrakt.uz" каби лойиҳалари танлов ярим финалига чиқди

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлигида Фан ва технологиялари агентлиги билан биргаликда ишга туширилган ёшларнинг стартап-ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури Ўзбекистон Олий ўқув юртларининг талабалари ва ёш профессор-ўқитувчиларини қамраб олди. Бу ҳақда филиал ўқитувчиси А.Кадиров "KRuz.uz"га хабар берди.

Бу дастур талабалар ва ёш олимларнинг шахсий бизнесини ташкил этиш ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришда кўмак беришга қаратилган. Лойиҳаларнинг йўналиш қамрови анча кенг бўлиб, уларнинг орасида кўпроқ тижорат, таълим, коммуникация ва навигация технологиялари, транспорт ва йўл инфратузилмаси, шунингдек, тиббиёт ва биотехнологиялар соҳаларига эътибор қаратилган.

Ушбу танловда Қорақалпоғистон Республикаси Олий ўқув юртлари жами 9та лойиҳа билан иштирок этиб, ушбу лойиҳаларнинг 5 таси Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали талабалари ва ёш профессор-ўқитувчилари томонидан тақдим қилинди. Ушбу тақдим қилинган 5 та лойиҳадан 3 таси яъни “Дастурий инжиниринг” кафедраси ўқитувчилари Қ.Юлдашев ва А.Кадыровларнинг “Ijarachi.uz” лойиҳаси, “Дастурий инжиниринг” йўналиши 2-босқич талабаси Д.Қонарбаевнинг “Kontrakt.uz” лойиҳаси ҳамда АКТ соҳасида касб-таълим йўналиши талабаси Қ.Асқаровнинг “Инглиз тили дарсликларини дастурлаштириш” лойиҳаси билан танловнинг финалига қадар етиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Нукус шаҳрида ўтказилган касб-ҳунар колледжлари ва олий ўқув юртлари битирувчилари учун “Start-up” ҳафталигида филиал талабалари Д.Қонарбаев ва Қ.Асқаровлар ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этди ва уларнинг лойиҳалари ҳакамлар аъзолари томонидан юқори баҳоланди ва махсус совғалар ҳамда сертификатлар билан тақдирланди.

Ислам Узакбергенов

Бўлимлар