"Нукусдаги кунларимни қора уйда яшаб ўтказган бўлардим". Германиялик сайёҳ Қорақалпоғистонга мотоциклда қилган саёҳати ҳақида гапириб берди (Дилафруз Айтбаева блоги)

Яқинда Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузуридаги "Ёш репортёрлар" клуби аъзолари ўз блогларини очишган эди. Ана шу блогерлар ўз блогпостларини жойлаштириб бошлашди. Блогер Дилафруз Айтбаева германиялик сайёҳнинг Қорақалпоғистонга қилган сафари ҳақида ёзди. Қуйида ана шу блогпостни ўқишингиз мумкин.

«Инсон ҳамиша янгиликларга, саргузаштларга иштиёқи баланд бўлиши керак. Шундагина у бу дунёдаги барча нарсалардан чексиз завқ ола билади» бу яқиндагина танишган германиялик дўстин Кристаин Бманнинг ўзига доимий шиор қилиб олган сўзлари эди.

У билан туристлар гавжум бўладиган – Нукуснинг ташриф қоғозига айланган И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ санъат музейи ёнида танишиб қолдим. Чет тилида сўзлашишда тажриба «ҳуржун»имни тўлдириш мақсадида ҳеч иккиланмай нималарнидир муҳокама қилаётган икки сайёҳнинг суҳбатини «бўлдим» (Кристианнинг ёнида англиялик сайёҳ Ҳаннаҳ Спинcер ҳам бор эди). Европанинг марказий давлатларидан бири бўлган Германиядан мотоцикл уловида саёҳат қилиб юрган бу шоввоз билан дарров тил топишиб олдим.

Бу сайёҳнинг Нукусдаги энг биринчи таниши бўлганлигим боис, К. Бманн йўл бўйи дуч келган энг оддий нарсалардан ҳам ҳайратланганини яширмай ўз таасуротларини мен билан бўлишди. «Ўзбекистонга Қозоғистон орқали кириб келдим. Ватанингизда биринчи қўним топган маконим Мўйноқ бўлди. Бу ерда Орол денгизига бориш бироз мураккаброқ масала экан (айниқса, мотоциклда). Лекин «Кемалар қабристони»га бордим. У ер чиндан ҳам одамнинг юрагини эзадиган жой экан. Қумга ботган кемаларга жуда ҳам раҳмим келди...»

28 ёшли германиялик бу ўғлон кузнинг илк кунларида сафарга отланиб, ўн битта давлатнинг бир-бирига ўхшамаган шаҳарлари, одамлари билан танишиб, қорақалпоқ халқига ҳам ўзига хос эътироф билдирди: «Ота-онам санъатнинг шайдоси. Бу ерда дунёга машҳур И.Савицйкий номидаги машҳур музей борлигини ҳам билишади. Сафарга отланганимда ота-онамнинг санъатга хумор кўзларини ҳам «ўзим билан олиб чиққанман». Ҳайратларимнинг энг каттаси мана шу мўжаз музейда пайдо бўлди. Очиғи, бундай ҳайратланишни ўзимдан кутмаган эдим. Музейдаги барча санъат асарлари – оз сонли қорақалпоқ халқининг жуда ҳам бой маъданиятидан сўз очади. Айниқса, қора уй менга жуда ҳам ёқди. Агар иложи бўлганида мен жон-жон деб Нукусдаги кунларимни ўша уйда яшаб ўтказган бўлардим». Ҳар бир халқнинг тилини, ўзига хос урф-одатини, тарихини ўрганишни – ўзининг асосий мақсади деб санаган Криснинг кейинги манзиллари – юртимизнинг энг кўҳна шаҳарлари – Хива, Бухоро ва Самарқанд.

Суҳбат чоғида мени энг қизиқтирган «Нега айнан мотоциклда саёҳат қилишга қарор қилдингиз?» деган саволимга К. Бманн бир дунё завқ жавоб берди: «Ҳар ким ҳар нарсага ишқибоз. Кимдир футболни яхши кўради, яна кимдир санъатни жонидан ортиқ яхши кўради. Мен эса мотоцикл ҳайдашнинг ҳақиқий ишқибозиман! Унда ўзимни ҳудди осмонда парвоз қилаётган қушдай ҳис қиламан. Бу улов айни дамда мен учун жуда қулай ва хавфсиз. Тўғри, у билан бироз қийин вазиятлар юзага келиши мумкин. Масалан, ёмғир, кучли шамол ёки изғирин совуқ дегандай. Лекин бу ҳем менга ёрдам беради яъни бу орқали мен ўз иродамни мустаҳкамлайман. Ҳам руҳан, ҳам жисмонан чиниқаман. Бундан ташқари мотоциклдаги саёҳатда ўзимни табиатнинг бир бўлагидай ҳис қаламан. У мени борлиқ билан богълайди. Мотоциклдаги завқни, эркинликни бошқа ҳеч қандай уловда ҳис қилолмайман».

Ўз саёҳатини йилнинг охиригача давом эттирмоқчи бўлган қаҳрамонимиз уйига Янги йилда бир олам таасуротлар билан боришни ният қилган. Саргузаштга хумор бу дўстимизга сафари бехатар бўлишини тилаймиз!

Бўлимлар