Тўйлардаги "горка, горка"лар бизга хосми? (Шоҳидбек блоги)

Яқинда Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузуридаги "Ёш репортёрлар" клуби аъзолари ўз блогларини очишгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик. Ана шу блогерлар ўз блогпостларини жойлаштириб бошлашди. Блогер Шоҳидебк тўйлардаги "горка"лар мавзуси ҳақида ёзди. Қуйида ана шу блогпостни ўқишингиз мумкин.

Яқин дўстларимнинг, жўраларимнинг, хуллас тенгқурларимнинг тўйларида яна бир хунук дастурга гувоҳ бўлдим. Ёшларнинг ароқ ва шу кабилар таъсиридаги беўхшов ҳаракатлари, тушунар-тушунмас ҳолда айтилган тўй тилаклари, тўйхонани бошига кийиб қий-чув қилишларидан ҳозирги одамларга, ўспирин йигит-қизларга нима бало урган деб, ўйланиб қоласан. Бироқ, бир ҳолат  хаёлимда жавобсиз қолаётган савволларни тўзғитиб, мени сергак торттирди. Миллийлигимизга ва динимизга умуман зид ҳол.

“Горка, горка, ...” такрор-такрор янграётган ўзга сўз. Бу ҳақда эшитган бўлсамда тенгдошларимнинг бунақанги “маросим”лар ташаббускорлигига ишонмаган эдим. Ниҳоят, ёшлар талаби қондирилди. Ўзгалар истаги билан, кўпчилик ундови остида куёвнинг келинни ўпиши билмадим, бу нима деган гап. Ахир келин ва куёв бировга томоша қўйиб бериш учун никоҳланаётгани йўқ! Висол насиб бўлганини эса, бошқаларга кўз-кўз қилиш бизнинг менталитетимизга хос эмас. Хуллас, оммавий маданият унсурлари бизнинг турмуш тарзимизга, маънавиятимизга ҳар томондан кириб боришга уринмоқда. Биз эса, турли-туман бемани дастурлардан воз кечиб, зарарли иллатларга “йўқ” дея олсаккина ҳам маънавий, ҳам жисмонан соғлом бўламиз. Акс ҳолда, Ғарбга тақлид тариқасида қилаётган хатти-ҳаракатларимиз, янгидан ўйлаб топаётган бўлмағур урфларимиз бизга қимматга тушади. Ўйлаб кўринг, азиз замондош... Сиз нима дейсиз?     

Бўлимлар