Тўйларда чойнакда ароқ ичаётганлар кимларни алдаяпсиз? (Шоҳидбек блоги)

Яқинда Ўзбекистон ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузуридаги "Ёш репортёрлар" клуби аъзолари ўз блогларини очишгани ҳақида хабар бериб ўтган эдик. Ана шу блогерлар ўз блогпостларини жойлаштириб бошлашди. Блогер Шоҳидбек тўйлардаги чойнак ичига ароқ қуйиб ичадиганлар ҳақида ёзди. Қуйида ана шу блогпостни ўқишингиз мумкин.

Бизда чойни тез-тез янгилаб туриш, меҳмонларга худди меҳримиздек иссиқ чой узатиш ҳурмат белгиси эканини билардим. Аммо, аммо чойнакда спиртли ичимликлар қуйилишига, кишилар наздида одоб-ахлоқи билан намуна кўрсатилувчи баъзи бир одамларнинг ўзларини худди чой ёки шарбат ичаётгандек тутиб, ҳеч қанақа ножўя ҳаракат қилмаётгандек ҳолда отишиб ўтирганларига яқин кунлар ичида бўлиб ўтган тўйларда такрор ва такрор гувоҳ бўлдим.

Аслида бу гуруҳ кишилар кимни алдаб ўтиришибди. Бундан кимга, нима наф. Ўз яқинлари, ўғли ёки қизидан яширинча, шу алфозда спиртли ичимликлар ичгани билан улар олдида айбсиз эмас-ку! Балки улар бу ҳақда билмас, билганда ҳам ўз ота-онасига дакки берувчилар кам топилади. Аммо бугун ўз фарзандини алдаётганларни эртага ўғил-қизлари ҳам чув туширишига, турли хил жирканч ёки ёмон йўллларга кириб қолиб, худди ҳеч нима билмагандек юришига ким кафолат беради. Бир ёлғон иккинчисини бошлаб келиши турмушда ўз тасдиғини топган. Тўғри, пашшадан фил ясаб, дарров тахликага тушиш ҳам ярамайди. Лекин танганинг икки томони бор. Бугунги ҳаётимизда ҳар қандай ҳолатга тайёр туришни кун сайин чуқур англаб бормоқдамиз.   

Бўлимлар