Куз-қиш мавсуми: газ йўқ ҳудудларда энди ўтин ҳам йўқми? Берунийда ечим топилди...

Қишки мавсум яқинлашгани сари Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида яшовчи маҳаллий аҳоли “ваҳимага” тушишни бошлайди. Бунга эса сабаблар етарлича. Бу ҳақда qalampir.uz хабар бермоқда. 
Пойтахт шаҳардаги кўп қаватли уйлар аҳолиси кечаси уйлар “музлаб” қолаётганидан шикоят қилаётган бир пайтда чекка, айниқса шимолий вилоятларда яшовчи аҳоли қишки мавсумда, яъни қаҳратон қишда ҳам шаҳардагидек мунтазам иссиқлик таъминотидан мосуволиги барчамизга аён.
 
Куз-қиш мавсумида Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида бўлган кишилар яхши билишади, маҳаллий аҳоли табиий газдан деярли фойдаланмайдилар... Сабаби, газнинг ўзи улар яшайдиган уйгача етиб келмайди! Сабабнинг сабаби мингта: босим паст, газ қувурлари носоз, тармоқ етиб келмаган, аҳоли ўз вақтида тўловларни амалга оширмайди, ноқонуний уланиб олиш ва ўғриликлар бор...
 
Ёш боласи бор оилалар одатда бир хонага тўпланишади. 3–4 ой бутун оила: бобо, буви, ака-ука, келинлар, опа-сингил, неваралар бир хонани иситиб, ўша ерда кун кечиришади.
 
Кўплаб хонадонларда ҳамон мўриси девор тешиб ўтадиган кўмир печкалар мавжуд. Одатда хоналарнинг бурчагига ўрнатиладиган бундай печкалар табиий газ ёрдамида ёқилади ва хонани иситиш учун хизмат қилади. Аммо газ бўлмагач, унинг ичига кўмир ва ўтин ёқилади.
 
Ана энди тасаввур қилинг, ўртача 10 квадрат метр хонада бир неча киши яшайди. Хонани иситиш учун кўмир печкада ўтин ёқилади. Иссиқлик “чиқиб” кетмаслиги учун албатта, хонанинг эшиги-ю деразалари маҳкам ёпилиши керак. Кейин эса ўтин-кўмир ҳиди хонада анча вақтгача сақланиб қолиши аниқ...
 
Овқат тайёрлаш муаммоси эса алоҳида мавзу...
 
Бу вақтда асосан ўчоқда овқат тайёрланади. Ўтин ғамланган бўлса, хўп-хўп, акси бўлса — муаммо тўп-тўп! Бутун оила иссиқ таомдан маҳрум...
 
Ана шундай шароитлар ҳақида эшитганимизда ёки бевосита гувоҳи бўлганимизда, кичик бўлсада шаҳардаги шинам ва иссиққина, зарур барча шароитлари мавжуд бўлган кўп қаватли уйларда яшаётганимизга шукроналар айтамиз.
 
Иссиқлик таъминоти, сув, электр энергияси каби маиший муаммолар доимий тарзда халқ орасида муҳокама қилиб борилади. Сўнгги вақтларда эса интернет тобора ўз имкониятларини кенгайтирган сари, бу мавзулар ижтимоий тармоқларда ҳам кўп бора кўзга ташланмоқда.
 
Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бирида куни кеча Қорақалпоғистон Республикасидан олинган фотосуратлар тарқалди. Уларда акс этишича, Беруний туманидаги ҳар бир хонадонга суюлтирилган газ баллони ушбу вазифага масъул ташкилотлар томонидан етказиб бериляпти. Маълумотларга қараганда, қиш мавсумида яна газ баллонларни тўлдириш имконияти, таъминотнинг имтиёзли нархларда амалга оширилиши ҳам тегишли тартибда назоратга олинади.
 
Бу хабар кўпчиликни қувонтирган, бундай амалиётлар Ўзбекистоннинг кўплаб чекка ҳудудларида амалга оширилаётган бўлсада, ўз талқинига кўра бундан норози бўлганлар ҳам топилди. “Қолган ҳудудларга қачон газ баллон тарқатишади?”, “Бир марта хўжакўрсинга қилинаётган ишми бу?” деган изоҳлар битилган.
 
Юқорида таъкидлаганимиздек, одатда қиш мавсумида деярли барча ўтин ёқади. Интернет фойдаланувчиларидан бирининг ёзишича, йилдан-йилга ўтин топиш ҳам муаммога айланиб бормоқда. Сабаби, дарахтлар сони камайган. Уларни кесиш ҳам жиноят. Ана, яна бир масала ўртага ташланди...
 
Аммо Қорақалпоғистон Республикасидан аҳолига суюлтирилган газ баллони етказиб бериш ҳаракати бошланган экан, демак, бошқа, бундай амалиёт ҳали етиб бормаган ҳудудларга ҳам етказиб берилишига умид қиламиз. 

Куз-қиш мавсуми: газ йўқ ҳудудларда энди ўтин ҳам йўқми? Берунийда ечим топилди...

Куз-қиш мавсуми: газ йўқ ҳудудларда энди ўтин ҳам йўқми? Берунийда ечим топилди...

Бўлимлар