Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессияси тўғрисида ахборот

2017 йил 16 ноябрь куни Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияни туман ҳокими, Кенгаш Раиси Султонбой Йўлдошев очди ва олиб борди. Бу ҳақда туман ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сессия кун тартибига "Амударё туманида патронаж хизматининг сифатини яхшилаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш чора-тадбирлари”ги, "Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактика инспекторлари ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги, "Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш кунини белгилаш тўғрисида”ги ва сессия ваколатига кирувчи бошқа масалалар киритилди.

Кун тартибидаги биринчи масала бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Э.Абдуллаев ҳисобот берди. Ҳисоботда таъкидланганидек, 2017 йилнинг ўтган даври мобайнида туман тиббиёт бирлашмаси ва унга қарашли муассасалар томонидан 124 минг 144 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 45 минг 317 нафарида турли касалликлар аниқланган. Ҳисобот даврида туғиш ёшидаги 52 минг 436 нафар аёл-қизлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, касалликлар белгилари аниқланган 32 минг 41  нафар аёлларнинг аксарияти стационар ва амбулатор шароитда соғломлаштирилган. Аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш ва касалликларни барвақт аниқлаш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи А.Қурбаниязов ҳисобот берди.

Таъкидланганидек, 2017 йилнинг ўтган 10 ойи давомида туман бўйича умумий жиноятчилик ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 тага камайди. Аммо, баъзи турдаги жиноятлар ошиб кетишига йўл қўйилган. Ҳисоботда жиноятчиликнинг олдини олиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Сессияда "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасига асосан туман Кенгашининг 2 та округида, яъни 1-Навоий ва 10-Тошёп сайлов округларида бўшаб қолган ўринларга 2017 йилнинг 17 декабрь, якшанба кунига сайлов белгилаш таклифи депутатлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, сессияда туман Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Бўлимлар