"Зулфия" мукофотини Қорақалпоғистондан ким олади?

Нукусда Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. 

Аъло хулқи, кенг дунёқараши ва бой тафаккури билан тенгдошларига намуна бўлаётган иқтидорли қизлар ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган танловга қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган йили танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 86 қиз иштирок этган бўлса, бу йил улар сони 94 нафарни ташкил этди. Улар адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишларида истеъдод ва маҳоратини намойиш қилди. 

Зулфияхоним издошлари сафи кенгаймоқда 

Турли фан олимпиадалари, фестиваллар, спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган қизлар ўзларининг илмий изланишлари, таълимдаги муваффақиятлари, ақлий салоҳияти ва одоб-ахлоқи, кийиниш ва сўзлашиш маданиятини тенгдошларига намойиш этди. Ушбу танлов қизларимизнинг мамлакат ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида эришган ютуқларининг ўзига хос тақдимоти ҳамдир. 

Зулфияхоним издошлари сафи кенгаймоқда 

– Мен спортнинг дзюдо тури билан тўрт йилдан буён шуғулланаман, – дейди Нукус компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи биринчи босқич ўқувчиси Юляна Мақсетбоева. – Ўз вазн тоифам бўйича 4 марта Ўзбекистон чемпиони бўлдим. 2017 йил июнь ойида Қирғизистонда ўтказилган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни эгалладим. 

Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳар бир йўналиш бўйича энг яхши натижага эришган қиз мамлакат босқичида иштирок этиш учун йўлланма олди. 
 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Хабибуллаев (сурат), ЎзА 

Бўлимлар