“Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи қандай ўтди? (фоторепортаж)

25 ноябр куни Нукус шаҳридаги “Прогресс” таълим ва ривожлантириш марказида “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

“Камалак юлдузлари” танловини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намоён этишлари учун имконият яратиб бериш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини асраш, ривожлантириш ҳамда давом эттиришдир.

Танловнинг Республика босқичида 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 600 дан ортиқ ёшлар 6 йўналиш бўйича беллашдилар.

Кўрик-танловнинг “D”, “E”, “F” йўналишлари “Прогресс” тил ва ривожлантириш марказида, “A”, “B”, “C” йўналишлари “Есжан бақсы” номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтди.

Ғолибларни тақдирлаш маросими ва гала-концерт Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг маданият саройида бўлиб ўтди. 6 та йўналиш бўйича ғолибликни қўлга киритган болаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан статуэтка ва махсус совғалар топширилди.

Фурқат Юсупов тайёрлади
Расмлар муаллифи Махсет Абибуллаев

Бўлимлар