Жинсининг ватани Ўзбекистонми ёки Америка?

Қорақалпоғистон Республикаси ахборот агентлиги раҳбари Есимқан Қанаатов агентлик сайтида эълон қилинган мақоласида машҳур жинси материалининг ватани Америка эканига шубҳа бидиради. Бу И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида сақланаётган ноёб экспонатлар ҳақида тайёрлаган лавҳасида шундай фикр билдирди. 

Айни пайтда Нукус шаҳридаги бутун дунёга машҳур И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида ноёб мустаҳкам матодан ишланган 4 дона кўк рангли кўйлак сақланмоқда. Халқ тилида бу кўккўйлак деб номланади. Бир неча юз йиллар аввал ҳозирги жинси каби мустаҳкам матодан қилинган ушбу бетакрор экспонатлар музейга келаётган минглаб хорижий туристларнинг ҳайратини оширмоқда. Жинси матоси энг аввал Америкада эмас, балки Ўзбекистон заминида пайдо бўлган экан-да, дея ажабланмоқда. Хўш, ушбу мато қандай қилиб юртимизда пайдо бўлиб қолган экан?

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Қорақалпоқ санъатининг такрорланмас эсдаликларидан бири кўккўйлак дунёда бошқа биронта ҳам халқда учрамайдиган тантанали либос тури саналади. Шунингдек, тасвирий ҳамда каштачилик санъатининг ҳам бетакрор намунаси сифатида талқин қилинади. Кўккўйлакни қорақалпоқларда «буёқ кўйлак» ва «каштали кўйлак» деб ҳам номлашади. Чунки бу кўйлак кўк ранг билан бўялган ва ҳар хил кашталар билан безалган. Кўйлакнинг безалишида олтмишдан ортиқ нақш турлари қўлланилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўккўйлак асосан Денгизбўйи қорақалпоқларида кенг тарқалган. Кўккўйлак намуналари И.В.Савицкий музейидан бошқа Санкт-Петербург шаҳридаги Этнография ва Нукус шаҳридаги Ўлкашунослик музейларида ҳам сақланмоқда.

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Кўккўйлак бўйича тадқиқот ишларини олиб борган олим М.Қипшақбаев: «Кўккўйлак ҳозирги jeans (жинси) материалини ёдга солади ва шу мато турининг дастлабки ихтирочиси қорақалпоқ чеварлари бўлганлигига шубҳа уйғотмайди. Қорақалпоқларнинг қадимдан Буюк Ипак йўлида қўним топгани ва уларда савдо-сотиқ ишларининг ривожланиши бу материалнинг Европа давлатларига тарқалишига олиб келган бўлса, ажабмас», деб ёзади. 

Кўккўйлак материалининг мустаҳкам матодан ишланганлиги ҳақиқат ва шунинг учун кўпчилик тадқиқотчилар шундай хулосага келишган.

Кўккўйлакнинг ёқаси, этагидан кўкрак қисмигача нақш билан кашталанган.  Кўккўйлакдаги майда нақшлар шу қадар кўп ва мураккаб-ки, битта кўйлакни безаш учун қорақалпоқ қизлари 4 йилдан 7 йилгача вақт сарфлашган. Шунинг учун халқда «олти ёшда бошласанг оширасан, етти ёшда бошласанг етказасан» деган гап бор. Бу айнан кўккўйлак тикиш санъатига боғлиқ айтилган. Қорақалпоқ қизлари ушбу кўйлакни асосан ўзларининг никоҳ тўйларига атаб тикишган.

И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи этнография бўлими раҳбари Айгул Пирназарова кўккўйлак ҳақида шундай дейди:

«Кўккўйлакнинг тарихи сак-массагетлар даврига бориб тақалади. Мард Тўмарис ва довюрак Гулайим бошқарган қизлар душманларга қарши юришда кийимларининг олдига ёки совутга ажойиб нақшлар туширган. Сабаби шуки, ушбу нақшлар душманнинг кўзини қамаштиришда қўл келган.

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Кўккўйлакдаги нақшларнинг кўп бўлиши ҳам ушбу даврдан қолган. Кўккўйлак тикиш санъати 19 асрларгача халқ орасида бўлган. У «амирхони пахта» деб номланган ингичка толали пахта ипидан ишланган. Ушбу пахта ипи махсус асбобда (маҳаллий тилда «қозақ» деб номланади) матога айлантирилган, у бўз мато деб аталган. Бўз матони бўёқчилар кўк рангга бўяшган. 

Музейга ташриф буюрган хорижий сайёҳларнинг «қорақалпоқлар жинсини америкалилардан аввал ўйлаб топишган экан. Демак, жинсининг ватани – Америка эмас, Ўзбекистон экан-да!» деб таажжуб билан тан олишганини кўп маротаба гувоҳи бўлганман».

Мустақиллик йилларида маданий меросларни қайта тиклашга катта эътибор қаратилди ва кўккўйлакни замонавий тикув машиналарда қайта ҳаётга келтиришга ҳаракатлар бошланди.

Ўтган асрнинг 90 йиллари бошларида қорақалпоғистонлик ҳунарманд Далжанова Несибели музейдаги кўккўйлакларнинг нақшларидан намуна олиб, илк бор тикув машинасида ушбу кўйлакни 24 кун давомида тикиб чиқди. Шу йили мазкур кўккўйлак Олмаота шаҳрида ўтказилган «Осиё товуши» танловида ғолиб бўлди.

Фото: И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Ҳунармандлар орасида миллий меросларни қайта тиклаш борасида фаолият кўрсатиб келаётган Айзада Нуримбетова ҳам қорақалпоқ кийимларини, хусусан, кўккўйлакни дунёга танитишда қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. У каштали кийимларни замонавий кўринишга келтириб, тикув машинасида ва қўл билан кашталовчиларга раҳбарлик қилиб, қатор давлатларга халқ амалий санъатини намойиш қилиб келмоқда.


Есимқан Қанаатов
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар