"Шуҳрат" медали бутун Чимбой ёшлариники" - Рахат Жумамуратов

Тошкент шаҳридаги "Ёшлар ижод саройи"да Давлат мукофотлари ва "Ўзбекистон белгиси" кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой тумани Кенгаши раиси Жумамуратов Рахат Тлеумуратович "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Биз Р.Жумамуратовнинг фикрлари билан қизиқдик.

"2017 йил менинг ҳаётимдаги энг унутилмас йиллардан бири бўлиб тарихда қоладиган бўлди. Сабаби 30 июнь куни Президентимизнинг ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи тузилди. Шундан сўнг Чимбой тумани ёшлари менга ишонч билдиришди ва мен бу туман Кенгашига раис этиб тайинландим. Президентимизнинг топшириқларига биноан, маҳаллий бюджет ҳисобидан Матиз автомобили берилди. Яқинда енгиллаштирилган кредит асосида Дамас автомобилини олдим. Буларнинг барчаси биз ёшлар учун берилган катта ишонч десам асло муболаға бўлмайди.

Бугун давлат мукофотини қўлга киритдим. Тўғриси мукофотни қўлга олаётган пайтда ҳис қилган туйғуларимни сўз билан таърифлай олмайман. Бу мукофот мени ҳозиргача қилган эмас, олдинда қиладиган ишларим учун берилди деб ўйлайман. Медални кўксимга тақар эканман, бу менга янада маъсулият юклайди. Чимбой тумани ёшларининг эртанги келажаги учун қайғуриш менинг биринчи вазифам. Бу медал бутун Чимбой ёшлариники деб бемалол айта оламан", дейди Рахат Жумамуратов.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар