Қорақалпоқ фольклорининг 101-106 жилдлари нашр қилинмоқда

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти шу йилнинг охиригача қорақалпоқ фольклорининг 101-106 жилдларини босмадан чиқаришни режалаштирмоқда. Ушбу жилднинг ҳажми 500 сахифа атрофида бўлади. Бу ҳақда Қорақалпоғистон хабар агентлиги хабар бермоқда.

Ушбу жилдларга қорақалпоқ халқ шеърияти намуналари киритилди, – дейди институт директори А.Алниязов. Халқ қўшиқлари тематик жиҳатдан турларга ажратилиб, ҳар бири алоҳида жилд қилиб тайёрланмоқда. Аввалги нашрларда халқ ижодининг барча жанр турлари битта жилд қилиниб чоп қилинган эди. Биз қўшиқларнинг жанрлик сифатларини ўрганиш давомида уларни алоҳида ажратиш зарурлигини сездик. Шунингдек, тематик мавзулари сақланган, лекин бошқа мавзудаги қўшиқлар аралашиб кетган камчиликлар бартараф қилиниб,  қайта ишланди ва улар босмага тайёрлаш давомида аввал ёритилмаган матнлар билан бойитилди.

Маълумки, мазкур институт олимлари томонидан 2007-2015 йилларда 100 жилдлик «Қорақалпоқ фольклори» жилди тўлиқ нашрдан чиқди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган асрнинг 70-80 йилларида чоп қилинган 20 жилдлик қорақалпоқ фольклори мустабид тузимнинг қаттиқ қисими остида кўп хато-камчиликлар билан чиққан эди. Шу даврда босмадан чиққан фольклор асарлари қизил сиёсат талабларига мос равишда кўп ўзгартирилган, қисқартилган, қайта ишланган. Кўп йиллар бўйи бу каби инсон рухиятига жуда кучли таъсир кўрсатувчи ажойиб асарлар фақат ўқувчилар эмас, балки олимлар учун ҳам таъқиқланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги босмадан чиқаётган фольклор намуналарида ушбу камчиликлар тўлиқ бартараф қилинган ва соф ҳолида чоп қилинмоқда ва бу жилдлар охиргиси эмас. Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими фондида яна бир неча ўнлаган жилдга етарли қорақалпоқ халқ оғзаки ижодига тегишли бой материаллар мавжуд.

Фикр билдиришингиз учун рўйҳатдан ўтишингиз керак
Бўлимлар