Ёшлар иттифоқи етакчиси имижи қандай бўлиши керак?

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Филология фанлари номзоди Фарҳод Бобожонов "Ёшлар иттифоқи етакчиси имижи қандай бўлиши керак?" мавзусида университет Ёшлар иттифоқи факультет етакчиларига семинар ўқув машғулотини ўтди. Ўзаро суҳбат тарзида ўтган семинарда етакчилар ёшлар билан қандай мулоқот қилиш, фаолиятида раҳбар ходимлар билан учрашганда муамола мезонларига амал қилиш каби етакчи фаолиятига керакли бўлган имиж хусусиятларини ўрганиб олишди. Бу ҳақда блогер Шуҳрат Саидаҳмадов ўз блогида хабар берди.


"Сизга раҳбарлар эътибор беришмаётгани, лавозимингизда “ўсиш” бўлмаётгани – омадсизликми ёки лаёқатсизликми? Йўқ, асло ундай эмас! Сабаб – ўзингизга хос имиж ярата олмагансиз.

Одатда, ҳар қандай маданиятли инсон уйдан чиқаётганда хоҳ у ишга бўлсин, хоҳ бирор тадбирга кўзгуга қараб ўзига оро беради. Сиз ҳам шундай қилишингиз табиий. Тўғри, бирор жойга борганда уятга қолмаслик учун тузукроқ кийиниш керак ахир. Ташқи қиёфангиз сиз ҳақингиздаги дастлабки таассуротларни шакллантиришини яхши биласиз. Бироқ бошқалар тасаввуридаги қиёфангиз-чи? 

Унга ҳам аҳамият берасизми? Уни ҳам кўзгуга соласизми? Унинг кўзгуси қаерда ва қандай? Очиғини айтганда, кўпчилик бу саволларга жавоб бериш у ёқда турсин, уларни ҳаёлларига ҳам келтиришмайди. Ваҳоланки, сиз муомалага киришадиган одамлар учун ташқи кўринишдан кўра уларнинг тасаввурида шакллантирган қиёфангиз кўпроқ аҳамият касб этади...

Биз ким билан ва нима мақсадда учрашамиз – буни ўйлаймиз-у, учрашадиган ҳамкоримизнинг биз ҳақимиздаги тасаввурлари қандай эканлигига камдан-кам ҳолда эътибор қаратамиз. Агарда суҳбатдошингиз тасаввурида ўзингиз ҳақингизда ижобий таассурот қолдирган бўлсангиз ёки шундай тасаввурлар шакллантира олсангиз, албатта, мулоқотдан кўзланган мақсадингизга эришасиз.Яъни, яхши таассурот уйғотиш, ижобий муносабатнинг туғилишига олиб келади.

Айтайлик, сиз раҳбар олдига бирор ёрдам сўраб кирмоқчисиз. Илтимосингиз инобатга олиниши ёки рад қилинишини олдиндан тасаввур қила оласизми? Аввало, раҳбарнинг сизга бўлган муносабати қандай? Нима учун ўтинчингизни бажариши керак? Бундан унга қандай наф? Йўқ, асло.

Биз пора бериш ёки совға-салом ҳадя қилишни назарда тутмаяпмиз. Сизга раҳбар мукофот берса, лавозимингизни оширса ёки қандайдир масалада ён босса, фикрларингизни маъқулласа бунга жамоа қандай муносабатда бўлади, ўзи-чи? Сиз бунга лойиқмисиз?

Кўпроқ шу саволларни раҳбар қиёфасида муҳокама қилиб кўриш керак. Илтимосингиз рад этилмаслиги учун сиз ҳақингиздаги раҳбар тасаввурлари асосий рол ўйнайди. Тасаввурларни эса имиж шакллантиради".

Бўлимлар