Шавкат Мирзиёев Хўжайлида логистика маркази ва истиқболли лойиҳалар билан танишди

Давлатимиз раҳбари Хўжайли туманидаги барпо этилаётган замонавий логистика марказида бўлди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Қорақалпоғистонга ташрифи давомида мазкур худудда логистика маркази қуриш топшириғини берган эди. 

«Хўжайли агросаноат маркази» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган мазкур марказ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади, ички бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. 

15,3 гектар майдонни эгаллаган мажмуада 2018 йил 5 минг тонна мева-сабзавотни қадоқлаш, саралаш ва қайта ишлаш имконияти яратилади. 150 киши иш билан таъминланади. 

Президентимизга мазкур мажмуа ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Шу ерда Қорақалпоғистонда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастурлар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Хусусан, 2018-2019 йилларда мева-сабзавот ва гўштни қайта ишлаш, совуткичлар қуришга оид 70 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 2018-2020 йилларда чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш дастури доирасида 250 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Натижада 730 дан ортиқ иш ўрни яратилади. 2018-2020 йилларда балиқчиликни ривожлантириш дастури доирасида 6 та лойиҳа бажарилади. Нукус ва Қанликўл туманларида шоли майдонларида балиқ етиштириш технологияси тадбиқ этилади. 

Президентимизга 2018 йил Қорақалпоғистонда томорқалардан самарали фойдаланиш дастури лойиҳаси ҳам тақдим этилди. 

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар аҳамиятига тўхталиб, уларни янада такомиллаштириш ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича топшириқлар берди. 
 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА 

 

Бўлимлар