Нукус шаҳрида Марказий Осиёда ягона лойиҳа ишга туширилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Нукус шаҳрида ишга тушириладиган лойиҳамизнинг аҳамияти билан қизиқди. 
Мен Лондон иқтисодиёт ва сиёсат мактаби магистратурасида таҳсил олганман, халқаро молия ташкилотларида ишлаганман. Давлатимиз раҳбарининг чет элларда таълим олаётган, илм-фан, банк-молия, ахборот-коммуникация соҳаларида меҳнат қилаётган юртдошларимизни Ўзбекистонга қайтиб, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшишга даъват этаётгани, бунинг учун зарур шароитлар яратиб бераётгани мени ҳам руҳлантириб юборди. 
Қорақалпоғистонда ташкил этган “Green Agro Invest” масъулияти чекланган жамиятимиз бугунги кунда қизилмия томири ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатларга экспорт қилиб келмоқда. Қорақалпоғистон ҳудудининг бой имкониятларидан фойдаланиб, катта миқдордаги кимёвий ва қурилиш маҳсулотларини ташиш ва сақлашга мўлжалланган юмшоқ юк контейнерлари ишлаб чиқарадиган корхона очишга қарор қилдик. Ушбу корхонанинг ишга туширилиши Оролбўйи минтақасининг экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшади, 100 га яқин иш ўрни яратилади. 
Давлатимиз томонидан экспортга йўналтирилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, банклардан тадбиркорларга кредит маблағлари ажратиш ва ташқи бозорни топишга кўмак бериш бўйича катта ишлар қилинаётир. Биз ҳам шундай лойиҳа устида изланиш олиб бордик, ҳудуднинг имкониятлари, хорижий давлатларнинг маҳсулотга эҳтиёжини ўргандик. Натижада импорт ўрнини босувчи, маҳаллий хомашёга асосланган юқори технологик лойиҳа – полипропилен, полиэтилен ва кальций карбонатдан юмшоқ юк контейнерлари, ҳар хил турдаги полиэтилен қоплар ва сумкалар ишлаб чиқаришга қарор қилдик. Асосийси, хомашё излаб четга боришга ҳожат йўқ, полиэтилен, полипропилен гранулалари Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқарилади. 
Лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллион доллар атрофида бўлиб, Марказий Осиёда биринчи корхона бўлади. Корхонага «Starlinger» Германия – Австрия қўшма корхонасининг энг замонавий ускуналари ўрнатилади. 
2018 йил корхона ишга тушгач, йилига 8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, бу кўрсаткич 16 миллион долларга етказилади. Асосийси, ҳозирданоқ Европа давлатларидаги етакчи корхоналар биз билан ҳамкорлик қилиш ва маҳсулотимизни сотиб олиш таклифини билдирмоқда. 
Президентимиз мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш йўлида ҳеч қандай муаммо, тўсиқ ва қийинчиликлар бўлмаслигини таъкидлагани бизга янги куч бағишлади. Келажакда маҳсулотларимизни хорижий бозорларга йўналтириб, жаҳон тўқимачилик соҳасида ўз брендимизга эга бўлмоқчимиз. 

Жасурбек Абдусаматов,

«Dian Plast» МЧЖ раҳбари.

Бу ҳақида UzA хабарига асосланиб makan.uz хабар бермоқда.

Бўлимлар