Ойбек Нурбоев биринчи маоши, футболчиларнинг маоши нега сир тутилиши ва фаолияти ҳақида (интервью)

Қорақалпоқ футболи тарбияланувчиси Ойбек Нурбоев билан янги мавсум олдидан суҳбат қурдик. Қуйида унинг энг аҳамиятли фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1.    Худо хоҳласа албатта кейинги мавсумни ҳам "Цементчи"да ўтказаман. Ўтган мавсумда шундай келишув асосида ўтган эдим жамоага. Клубимиз келаси мавсумда Олий лигада иштирок этиш учун тайёр.

2.    Биринчи даврада “Хоразм”да тўп суриб юрган пайтимда “Цементчи”дан таклиф келиб тушди. Фарғона ўзи менга бегона эмас. “Нефтчи”да анча йиллар тўп сурган эдим. Жамоа олдига иккинчи даврада Олий лигага чиқиш вазифаси қўйилганини ва кейинги мавсумга ҳам жамоа тайёр эканлигини айтишди. Бу таклиф мен учун қизиқарли бўлди. Боиси жамоанинг олдига қўйган мақсади бор эди. Фарғонани яхши кўрганим учун ҳам “Цементчи” таклифини ўйлаб ҳам ўтирмай қабул қилдим.

3.    Ҳар бир футболчида кўтарилиш ва пасайиш даври бўлади. Олий лигадан биринчи лигага қайтишни мен бир қадам орқага, икки қадам олдинга деб қабул қилдим. Шу боис мен ҳеч ҳам қийналмай, Биринчи лига жамоасига ўтдим. Ўтган йили “Олмалиқ”да Александр Ержов билан бирга ишлагандим. У “Хоразм”га мураббий бўлгач, мени жамоага таклиф этди ва шу тариқа Хоразмга йўл олдим.

4.    2007 йили “Жайҳун” жамоаси қорақалпоқ футболи учун яхши йил бўлди. Боиси 2002 йилдан буён қорақалпоқ жамоалари Биринчи лигада ҳам йўқ эди. 5 йил футболсиз давр бўлди. Ўша пайт биз энди ўсиб келаётган эдик. “Жайҳун”да ўйнашни орзу қилиб катта бўлдик. 2007 йилдан бошлаб Олий лигада ўйнашни ният қилдим. Ўша пайтда жамоамиз устози Неъматулла Қутибаев бизни доим қўллаб-қувватлаб турдилар. Айнан улар сабабли Олий лига жамоасида ўйнаб кета олдим десам адашмайман.

5.    2009 йили Юрий Саркисян қўлс отидаги мураббийлардан бири Рустам Дўрмоновга қорақалпоғистондаги футболчиларни кузатиб келишни айтган. Ўша пайтда биз ҳам водийга бориб ўйнадик. Рустам ака ўшанда “Нефтчи”да селектционер сифатида ишлар эди. 2009 йилнинг декабр ойида мени “Нефтчи”га чақиришди. Даставвал 2,5 ой давомида кўрикдан ўтдим ва кейинг йилнинг февралида 3 йиллик шартнома имзоладим.

6.    2013 йили Юрий Вазгенович “Нефтчи”дан истеъфога чиқарилди. Шундан сўнг мен ҳам жамоадан кетишга мажбур бўлдим. Боиси янги мураббийлар билан унчалик келиша олмадик. Шунингдек ўша пайтда жароҳатдан энди фориғ бўлган эдим. Мураббийларнинг менга бўлган ишончи йўқлигини билгач, жамоани тарк этишга қарор қилдим.

7.     “Нефтчи”дан кетгач, Самарқанднинг “Динамо”сига бордим. Бу жамоага мени Равшан Хайдаров таклиф қилди. Ўша пайтда самарқандликлар сафида Азамат Бабажанов ҳам тўп сураётган эди. Шу боис бу таклифга розилиб билдирдим. Ярим мавсум бу жамоада ҳаракат қилдим.

8.    2014 йили “Динамо” машғулотларида иштирок этаётганимда, “Бухоро” клуби таклиф билан чиқди. Жамоа устози Эдгар Гесс клубга таклиф қилгач, Равшан Хайдаровга янги жамоага ўтмоқчи эканимни айтдим ва “Бухоро” билан шартнома имзоладим. Бир мавсум бу жамоада ҳаракат қилдим. Кейинги мавсумда жамоада мураббий ўзгарди. Гесс ўрнига келган Мочинов билан шартнома борасида келиша олмадим ва “Нефтчи”га қайтдим. Бироқ бу сафар жамоада ўзимни яхши ҳис қила олмадим. Бир ярим йил ичида жамоада анча ўзгаришлар бўлган экан. Мурод Исмоилов ва Андрей Фёдоровлар билан бирга ишлашдим. Аммо, биринчи даврадан кетишга мажбур бўлдим.

9.    2015 йил иккинчи даврада “Қўқон-1912” жамоасидан таклиф тушди. Қўқонда 1 йил тўп сурдим. Ҳозир биласиз Ўзбекистонда мураббийлар стабил ишлай олишмаяпти. Шунинг сабабидан футболчилар ҳам ҳар мавсумда клубларини ўзгартиришга мажбур бўлишмоқда. Масалан “Насаф” жамоасида Рўзиқул Бердиев стабил ишламоқда ва унинг жамоаси шунга яраша натижа кўрсатяпти. Бир мураббий битта жамоада 5-6 йил ишлаши қийин бўляпти. Ҳар сафар жамоада мураббий ўзгаргач, у ўзи билан бирга футболчиларни олиб келади ва олдинги футболчиларга эътибор бермайди. Шунинг сабабидан ҳам футболчилар тез-тез жамоа ўзгартиришга мажбур бўлишяпти.

10.      2016 йилнинг иккинчи даврасида Игор Шквирин мени “Олмалиқ”қа таклиф қилди. Клубда жамоадошларим билан тез чиқишиб кета олдим. Бироқ мавсум якунида Шквирин ҳам жамоадан кетди. Шундан сўнг 2017 йилда мен “Хоразм”га ўтдим.

11.     Худога шукр шу пайтгача майдондан четлатилмаганман. Фаолиятимнинг сўнгига қадар қизил карточка олмасликка ҳаракат қиламан.

12.     Биринчи маошим “Жайҳун” жамоасида 60 минг сўм бўлган эди.

13.    Нега футболчиларнинг маошлари сир тутилади? Масалан икки ҳимоячи шартнома тузди дейлик. Бу келишувга боғлиқ. Биринчи ҳимоячи мураббийга бориб нега менинг маошим 1 миллион сўм, нега уники 2 миллион сўм, ахир биз бир ҳил ўйнаяпмизку деб эътироз билдириши мумкин. Ички муҳит бузилмаслиги учун ҳам маошлар сир тутилади.

14.     Шартнома тузаётганда биринчи клубнинг статистикаси, ҳолати, ўтган мавсумдаги эгаллаган ўрни, мураббийи ва молиявий томонига эътибор бераман.

Фурқат Юсупов тайёрлади

Манба : championat.asia

Бўлимлар