Қонликўл тумани ҳокими Президент ташрифидан сўнг тумандаги ўзгаришлар ҳақида айтди

“KRuz.uz” сайти раҳбари Фурқат Юсупов Қонликўл тумани ҳокими Мелс Қўсназаров билан суҳбат уюштирди. Туман ҳокими шу йилнинг январ ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташрифидан сўнг туманда нималар ўзгаргани ҳақида айтиб ўтди.

“Президентимиз тумандаги Агротехсервис корхонасига келган пайтида ичидаги ҳолатни телевизор орқали кўпчилик кўрган бўлса керак. Тан олиш лозим, у ерда шароит хавас қилса арзигулик эмас эди. Техникаларимиз ташқарида турганди. Чунки бизнинг катта Кисловодск  типидаги техникалар туриш жойи аҳволи яхши эмас эди. Президент ташрифидан сўнг бир ой ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг ёрдами билан у ерда қурилиш ишлари олиб борилди. Натижада ўша жойда иссиқ, катта гаражлар қурилди ва техниканинг ҳаммаси гараж ичида олиб кирилди. Июн ойида ҳар бирининг баҳоси 401 млн сўм бўлган  5 та «Доминатор» комбайнлари  олиб келинди. Бундан ташқари қатор қишлоқ хўжалиги техикаларини олиш учун таклифлар берилиб, яқин кунларда замонавий сурим тракторлари олиб келинади”.

Президент тадбиркорлар билан учрашуви ҳақида ҳоким шундай деди:

“Шунингдек Президентимиз колледжда тадбиркорлар билан ҳам учрашган эди. Ўшанда текстил фабрикани қурмоқчи бўлиб турган тадбиркорда ҳеч нарса тайёр эмас эди. Давлатимиз раҳбари ўша ондаёқ қурилиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ бердилар ва шунинг натижасида йилнинг охиригача катта қурилиш ишлари амалга оширилди. Ўша учрашувдан сўнг барча тадбиркорларга кредитлар ажратилди ва уларга енгилликлар берилди”.

Президентимиз чорвачиликни ривожлантириш бўйича берган вазифалар ҳақида ҳам Мелс Идрисович фикрларини билдириб ўтди.

“Президентимиз туманимизга келиб кетганида чорвачиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берган эдилар. Ҳозирнинг ўзида 700 гектардан ортиқ чорвачилик учун озуқа маҳсулотлари етиштириш учун ҳосилдар ер тайёрланди. Яна бир инвесторимиз билан келишдик, ўрин ҳам аниқланди, яқинда қурилиш бошлайди. Бу жойда 500 бош чорва моллари парвариш қилиниб, йирик чорва комплексларидан бири бўлади. Буни 2018 йил Мустақиллик байрами арафасида ишга туширишни режалаштиряпмиз”.

Қонликўл тумани ҳокими Мелс Қўсназаров билан суҳбатни тўлиқ равишда кейинроқ эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бўлимлар