Нукус-Қўнғирот йўналиши таксилари 30 минг сўмга чиқди. Автобус қачон қўйилади?

Янги йил арафасида Нукус - Қўнғирот йўналиши бўйича қатновчи таксиларнинг нархи 30 минг сўмгача чиқиб кетди. Бу кўплаб йўловчиларни, айниқса талабаларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

"KRuz.uz" сайтига ҳам бир нечта ана шундай норозилик мактублари келиб тушди. 

Байрам арафасида нархларнинг кўтарилиши, бу доимий ҳолат. Қўнғиротлик талабалар Нукус-Қўнғирот йўналиши бўйича автобус қўйилишини анчадан буён кутишмоқда. Бироқ ҳозирча бундай хушхабардан дарак йўқ.

Нукусдан Қўнғиротгача масофа 110 км эканини инобатга оладиган бўлсак, 30 минг сўм анча қимматлик қилади. Солиштириш учун Нукусдан Қонликўлгача 90 км масофа бор ва таксиларнинг нархи 8 минг сўм, газел эса 5 минг сўмдан қатнамоқда.

Тегишли мутасаддилар Нукус-Қўнғирот йўналиши бўйича автобус қўйилиши масаласига яна бир бор эътибор қаратадилар деб умид қиламиз.

Фурқат Юсупов
"KRuz.uz" сайти раҳбари

Бўлимлар