«Биз туманда биринчи навбатда ишлаб чиқаришга эътибор қаратяпмиз» - Қонликўл тумани ҳокими Мэлс Қосназаров

«KRuz.uz» сайти раҳбари Фурқат Юсупов Қонликўл тумани ҳокими Мэлс Қосназаров билан суҳбат уюштирди. Мэлс Идреисович бугунги кунда туманда биринчи навбатда ишлаб чиқарилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.

«Биз туманда биринчи навбатда ишлаб чиқаришга эътибор қаратяпмиз. Бугунги кунда  катта текстил корхонаси ишга тушмоқда. Бу ерда инвесторларимиз 20 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш ишларини амалга оширди. Яна 10 миллиардлик иши бор. Ундан кейин 22 миллион долларга ускуна олиб келиб ўрнатишади. Бу корхонага камида 500 та одам ишга жойлашади.

Кунжутни кайта ишлаш заводи аввалги ҳолати

Шунингдек, туманда кунжутни қайта ишлаш заводи ҳам қурилмоқда. У ерда 60 та янги иш ўринлари яратиш белгиланиб, фақат кунжут ёғи эмас, какао ишлаб чиқаришни ҳам режалаштирилмоқда. Какао ишлаб чиқариш Қорақалпоғистон Республикаси учун янгилик бўлади. Бу корхана 2018 йилнинг1-чорагида ишга тушириш белгиланган.

Кунжутни кайта ишлаш заводи аввалги ҳолати

Албатта, ишлаб чиқариш бўйича фақат йирик корхоналар эмас, кичик корхоналар ҳам қурилмоқда. Масалан, нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик цехлар қурилди.

Шунингдек Мэлс Қосназаров тадбиркорларга қандай имкониятлар яратиб берилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Президентимиз томонидан 2018 йил «Фаол тадбиркорлик ва иннавацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қўвватлаш йили» деб номланиб, фаол тадбиркорликка эътибор қаратди. Тадбиркор ва ишбилармонлар ўзлари таклиф билан чиқишса, биз ишлайман деган тадбиркорга 100 фоиз ёрдам беришга тайёрмиз. Иккинчидан, тадбиркорлик билан шуғулланишни хоҳлайдиган, бироқ ишни нимадан бошлашни билмайдиган тадбиркорлар учун янгидан консалтинг марказни ташкиллаштирдик. Буни БМТнинг ривожлантириш дастури билан ҳамкорликда амалга оширдик. Бу ерда тадбиркорлар ва фермерларга асосий йўналишлар бўйича маслаҳатлар берилиб келинмоқда.

Президентимиз Қорақалпоғистонга ташрифидан сўнг тадбиркорларга жуда ҳам катта имкониятлар яратилмоқда. Қонликўл туманида яратилган имкониятлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, биз фақатгина хориждан ёки Тошкентдан эмас, Нукус шаҳридан ҳам тадбиркорларни таклиф этяпмиз. Масалан, Қонликўл туманида қуриладиган саноат корхоналари 2027 йилгача ягона солиқ тўловидан озод қилинади. Биз тадбиркорларга коммуникацияга қўшилиш ва ер ажратиш масаласини чўзмасдан 1-2 ҳафтанинг ўзида ҳал этилмоқда. Масалан, ўтган ҳафтада келган тадбиркорга завод қуриш бўйича ҳамма томонлама ёрдам бермоқдамиз. Улар бир миллион доллар миқдорида инвестиция киритишмоқчи. Уларга темир йул ва автомобил транспорти, коммуникацияга тўлиқ уланиб турган жойда ишлашлари учун имконият яратиб беряпмиз.

Кунжутни кайта ишлаш заводи аввалги ҳолати

Бундан ташқари, банклардан имтиёзли кредит масаласи бўйича тадбиркорларга ёрдам беришга доим тайёрмиз. Шунингдек БМТнинг ривожлантириш дастури билан ҳамкорликда туманда микрокредит ташкилотини ташкил қилиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бунинг асосий мақсади ижтимоий йўналишда ишлашни хоҳлайдиган тадбиркорларга имтиёзли фоизда микрокредит берувчи ташкилот тузиш ва кичик ва оилавий тадбиркорликни қуллаб-қўвватлашдир».

Қонликўл тумани ҳокими Мэлс Қосназаров билан суҳбатни тўлиқ равишда кейинроқ эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бўлимлар