Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 40-сессияси тўғрисида Ахборот (+видео)

2017 йил 29 декабрь куни халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 40-сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳокимлик бўлимлари, жамоат ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари директорлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Сессия котиблигига 18-Хитой сайлов округидан депутат Гулмирза Бабажанов сайланди.

Сессияда дастлаб туман сайлов комиссияси раиси Анвар Камоловнинг Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг бўшаб қолган ўринларига 2017 йил 17 декабрда бўлиб ўтган сайлов натижалари тўғрисидаги ахбороти тингланди. Сўнгра янги сайланган депутатлар Кушаев Аширбай Балтабаевич ва Бекназарова Муқаддас Норим қизининг депутатлик ваколатлари эътироф этилди. Шу муносабат билан туман Кенгашининг доимий комиссиялари таркибига ўзгартишлар киритилди.

Сессияда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” туман дастурининг ижроси юзасидан туман ҳокими ўринбосари Алишер Юлдашевнинг, туманда 2017 йил иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси ва 2018 йилги Дастури лойиҳаси тўғрисида туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маъмуржон Темирбоевнинг ахборотлари тингланди.

Таъкидланганидек, 5 бўлим 57 банддан иборат "Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид туман дастури қабул қилиниб, дастур доирасида қатор ишлар амалга оширилди.

2017 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бўйича 3 минг 30 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган бўлиб, жорий йил давомида амалда 3 минг 62 та иш ўринлари яратилди ва режа 101,1 фоизга бажарилди. 2018 йилда эса жами 2 минг 890 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.         

Депутатлар “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани муҳокама қилиб, Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ҳисоботини тингладилар.

Шунингдек, сессияда Амударё туман маъмурий суди томонидан ва туман иқтисодий суди томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан тегишли суд раисларининг ахбороти тингланди.

Сессия кун тартибидаги “Амударё туманида тиббиёт бирлашмаси томонидан йил давомида олиб борилган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Хидирбой Тажимов ҳисоботи берди.

Ҳисоботда туманимизда аҳоли соғлигини сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўлиқ тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, сессияда депутатлар туман Кенгашининг ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Кун тартибидаги барча масалалар бўйича фаол мунозаралар, савол-жавоблар бўлиб ўтди. Билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

 

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Бўлимлар