2017 йил сарҳисоби: Амударё туманининг меъмоpий қиёфаси қанчалик ўзгарди?

Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ ва шаҳарларнинг меъморий  қиёфаси гўзаллашиб, намунавий лойиҳалар асосида кўплаб уй-жойлар бунёд этилмоқда, ҳудудларда муҳандислик ва транспорт-коммуникация тармоқлари, ижтимоий инфратузилма объектлари  жадал ривожлантирилмоқда, шунингдек, шаҳарларда кўп қаватли уйларни қуриш ва қайта таъмирлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Булар аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг тобора юксалиб боришига хизмат қилмоқда. Бу ҳақда "amunews.uz" хабар бермоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги Қарори асосида туманимизда шу йилнинг ўзида 4 та массивда жами 122 та намунавий лойиҳадаги арзонлаштирилган уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Айни кунда туманимизда Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги 995-Ф-сонли Фармойиши асосида қўшимча равишда майдони 0,02 га. бўлган 75 та арзонлаштирилган уй-жойлар қурилиши олиб борилмоқда.

Ички ишлар бўлимининг профилактика инспекторлари учун майдони 0,02 га. бўлган 28 та хизмат уйлари қурилди.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ерларда суғориш тизимини яхшилаш мақсадида “Шўр ёб” каналининг15 км. қисми реконструкция қилиниб, 2546,2 млн. сўмлик, “Алили ёп” каналида 5,8 км. узунликда янги қурилиш ишлари амалга  оширилиб, 570,1 млн. сўмлик маблағ ўзлаштирилди.

Жорий йилда туманимизда инфратузилма объектлари қурилишига ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу йўналишда жами 7390,5 млн. сўмлик йўл қурилиши ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Мазкур уй-жойларнинг 4 таси ногиронлиги бўлган шахсларга берилиб, улар иш билан таъминланди.

“Олмазор” маҳалласи ҳудудида лойиҳа қиймати 1254,0 млн. сўм бўлган ФҲДЁ бўлими биноси, “Гулзор” маҳалласи ҳудудида лойиҳа қиймати 479,0 млн. сўм бўлган нотариал идора биноси, Куюккўпир овулида суткасига 30 тонна кўмирни брикетлаш қувватига эга бўлган ҳудудий дистрибьютерлик маркази биноси қурилди.

2017 йилда туман йўл хўжалиги пудрат, таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси томонидан 5820,3 млн. сўмлик, «Амударё СКБ» МЧЖ томонидан 1433,2 млн. сўмлик, “Мангит инвест максимум” МЧЖ томонидан 137,0 млн. сўмлик ҳажмда йўл қурилиши, таъмирлаш ва сақлаш ишлари амалга оширилди.

Жорий йилда туманда жами 9,5 км. узунликдаги сув қувури ётқизилди. Жумладан, инвестиция дастури асосида “Арна бўйи” маҳалласи ҳудудидаги сув тақсимлаш иншоотигача тендер баҳоси 1154,3 млн. сўм бўлган2,04 км. узунликдаги сув тармоғи янгиланиб, “Вахум”, “Босув” маҳаллалари ва “Тақир қалъа” массивидаги 480 та хонадон аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланди.

“Олмазор” маҳалласида 702,4 млн. сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, 5,4 км. узунликдаги сув қувурлари ётқизилди. Ушбу маҳаллада 242  та хонадон учун янгидан сув тармоғи қурилди.

Манғит шаҳрини тунги ёритиш тизими билан таъминлаш мақсадида 3 км. узунликдаги электр тармоқлари тортилди ва шаҳар кўчалари тунги ёритиш тизими билан таъминланди.

Аҳолини табиий газ билан таъминлаш мақсадида Манғит  шаҳрининг Бўстон, Навоий номли, Чордара ва Ойбек номли маҳаллаларида 1,7 км. узунликдаги газ тармоғи ички имкониятлар ҳисобидан реконструкция қилинди.

Туманимиз аҳолисини узлуксиз электр энергия-си билан таъминлаш мақсадида қуввати 0,4 кВа ва 10 кВа бўлган 11,5 километрлик электр тармоқлари реконструкция қилинди. Шунингдек, ТП-265 ва ТП-169 трансформаторлари кам қувватли бўлганлиги сабабли улар катта қувватдаги трансформаторларга алмаштирилди.

2017 йилда туманда 3 та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари ташкил этилиб, улар зарур кредит маблағлари билан таъминландилар.

«Даумов» хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатига Дўстлик ва Янгиобод маҳаллаларидаги 16 та кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун «Микрокредитбанк»нинг туман филиалидан 234,0 млн. сўм, «Манғит бино таъмир» ширкатига “Гулзор” маҳалласидаги 7 та кўп қаватли уйларни таъмирлаши учун “Агробанк”нинг туман бўлимидан 220,0 млн. сўмлик, «Амударё бино таъмир» ширкатига эса “Бой овул” маҳалласидаги 5 та кўп қаватли уйларни таъмирлаши учун “Халқ банки”нинг туман бўлими томонидан 100,0 млн. сўмлик банк кредитлари ажратилди.

Азат Мадраимов, туман уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси.

Бўлимлар