ЎзЛиДеП Қораўзакда банклар билан ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қораўзак туманидаги 16-сонли Жиен-жиров номидаги болалар санъат мусиқа мактабида “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойлари ташкил этиш, аҳолининг кенг қатлами учун, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтириш мақсадида семинар ташкил этилди.

   

Семинарда асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони талабларидан келиб чиқиб, таълим муассасаларини битирган ёшларни иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва уларни ишга жойлаштириш масалалари бўйича атрофлича сўз юритилди.

—Айни пайтда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини янада ошириш, уларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини янада орттириш, шу орқали бандлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, - дейди  “Микрокредитбанк” кредит бўлими бошлиғи Ирода Қосимова. — Шу маънода бугун семинарда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, айниқса, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида яратилган қулай шароитлар, Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент фармонлари ва қарорларнинг ижросини таъминлаш борасида иштирокчиларга батафсил маълумот бердик.

Қолаверса, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб хотин-қизлар ва ёшларнинг касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, айниқса қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишларини кучайтириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Семинар давомида катта тажрибага эга бўлган тадбиркор, фермер хотин-қизларимиз ўз фаолиятлари бўйича ёшларга кенгроқ маълумотлар бериб, юқорида қайд этилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан жорий йил давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли тавсиялар берилди. Семинарда фаол иштирок этган коллеж ёшларига банк томонидан кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.    

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

Матбуот хизмати.

Бўлимлар