«Нимага мумкин эмас?» Женисбек Пиязов реп айтгани ҳақида

Нукус шаҳрида жойлашган «Ёшлар маркази»да Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, опера ижрочиси – Женисбек Пиязов ва Қорақалпоғистон халқ жирави Жанибек Пиязов билан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республика Кенгаши қошидаги «Ёш репортёрлар» клуби аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ака-ука Пиязовлар модератор Фурқат Юсупов ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Ислам Турганбаев ўз блогида ёзди.

Ж.Пиязов бугунги кунда нималар билан машғул экани ҳақида шундай деди.

«Айни пайтда сиёсий тарафдан ҳам, шоу бизнес тарафдан ҳам ўз фаолиятимни олиб бормоқдаман. Мана бугун Хўжайли туманида «Мехрибонлик уйи»да концерт бермоқчимиз. Бу ердан чиқиб тўғри ўша жойга йўл оламиз.

Женисбек операга кириб келишдан олдин реп айтган. «Қандай қилиб опера йўналиши ижрочиси реп айтган бўлиши мумкин?» деган саволга у қуйидагича жавоб қайтарди.

«Нимага мумкин эмас, менимча опера репга ўхшаб ҳам кетиши мумкин. Операга Италияда асос солинган. Италия халқи эса она тилида тез гапиради. Опера ҳам асосан тез айтилади. Шу туфайли реп айтиш менга ҳатто фойдаси ҳам тегди. Нукус шаҳри ва Хўжайли туманидаги репперларнинг кўпчилиги ҳам бу йўналишни мендан ўрганди десам асло муболаға бўлмайди. Лекин ҳозир Реп бизнинг ўсмир давримиздагидек юқори даражада эмас деб ҳисоблайман».

Женисбек Пиязов билан бўлган суҳбатнинг тўлиқ вариантини кейинроқ эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ислам Узакбергенов

Бўлимлар