O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги эшитуви бўлиб ўтди

 O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциясининг 2016 йил иш-режасига мувофиқ, жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастуридан келиб чиқиб, корхона ва ташкилот вакилларининг олиб борган ишлари бўйича ҳисоботи тингланди.

Унда кун тартибидаги учта масала бўйича, жумладан, Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва   2006 йил 1 майдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги Қарорлари ҳамда Нукус “Она ва бола” скрининг маркази томонидан олиб борилган ишлар юзасидан соҳа вакилларининг эшитуви тингланди.

Соғиндиқ ТУРМАНОВ, O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаш раиси:

– Мамлакатимизда қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истемъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш энг устувор вазифалардан ҳисобланади. Зеро, бугун пахтадан бўшаган экин майдонларида аввало, сабзавот ва картошка, шулар қаторида озуқа экинлари, ёғ-мой олинадиган ва бошқа ўсимликлар экишга алоҳида аҳамият қаратилаётганида ҳам жуда катта маъно-мазмун мужассам. Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур қарор эса бу борадаги ишлар кўламини бутунлай янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Азамат ТУРДАНОВ, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари министр ўринбосари:

– Айтиш жоиз, бугун Ўзбекистонда ёшларнинг жисмонан ва маънан соғлом, ақлан етук, мард, жасур ўғлонлар бўлиб камол топиши учун туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳамиятлиси, истиқлол шарофати билан бу йўналишдаги ишлар кўлами тобора янги босқичга кўтарилди. Масалан, мустақиллик йилларида қабул қилинган футболни ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар Ўзбекистон футбол жамоаларига халқаро майдонда сезиларли ютуқларга эришиш имконини берди. Негаки, бугун давлатимиз томонидан спортни ислоҳ этиш айниқса, болалар спортини ривожлантириш, миллионлар уйини бўлган футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Бу ўз навбатида, мамлакатда йигит-қизларнинг барча соҳаларда мустақил таълим олиши, касб эгаллаши ва ўзлари хоҳлаган соҳаларда эмин-эркин фаолият олиб боришига кенг шароит яратаяпти.

Амина ҚАЛАНДАРОВА, Нукус “Она ва бола”скрининг маркази раҳбари:

– Бугун она ва бола саломатлиги муҳофаза қилиш, соғлом онадан, соғлом отадан, ҳар томонлама соғлом фарзанд дунёга келишини таъминлаш нафақат давлатимизнинг, балки биз шифокорларнинг ҳам асосий вазифамизга айланган. Шу боисдан ҳозирда мазкур масалага жиддий эътибор қаратган ҳолда, туғма нуқсони бор ва ногирон фарзандлар туғилишининг олдини олиш борасида марказимиз томонидан тарғибот ишларини янада кучайтирганмиз. Сўнгги уч йил давомида 85 мингдан ортиқ фарзандлар ва 49 мингдан зиёд ҳомиладор аёллар скрининг текширувларидан ўтгани ҳам бу борадаги ишлар кўлами юқори эканини кўрсатмоқда. Асосийси, мазкур текширувлар натижасида сўнгги уч йил ичида 688 туғма нуқсони бор бола туғилишининг олдини олишга эришилди.Туғма ривожланиш нуқсони билан туғилиш кўрсаткичлари 2000 йилга солиштирганда 1,8 баробарга камайганлиги улкан ютуқларимиздан ҳисобланади.

Тадбир сўнггида мутахассислар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.   

        O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши

 Матбуот хизмати.       

Бўлимлар