"Мақсадимиз Қорақалпоғистонни ёшлар ўртасидаги жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш" - Абат Данияров

9 январ куни Нукус шаҳридаги Ёшлар Марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёшлар Пресс клуби»нинг илк сессияси бўлиб ўтди.

«Ёшлар Пресс клуби»нинг биринчи сессиясида Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Абат Данияров Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгесида тузилган янги қўмита ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

“Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгесида ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича қўмитаси тузилди. Бу қўмитанинг асосий вазифаси Қорақалпоғистон Республикасида ёшлар сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ҳамда шу йўналишда олиб борилаётган ишларни парламент даражасига олиб чиқиш ҳисобланади. Бугунги кунда қўмитада ўз олдига режалар белгиланмоқда ва янги лойиҳалар тузилмоқда”.

Шунингдек Абат Данияров ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳақида ҳам гапириб ўтди.

“Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири бу ёшлар орасидаги жиноятчилик бўлиб ҳисобланади. Жиноятчилик масаласи бўйича Ёшлар иттифоқи нима ишларни амалга оширди деган ҳақли савол пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда гапирадиган бўлсам, Нукус шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 2017 йил давомида Нукус шаҳрида “Ёшлар маркази”даги тўгаракларга 5 минг 800 нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинди. Жумладан, тўгаракларга жалб қилинган профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар сони жами 34 нафарни ташкил этиб, ҳозирги кунда мунтазам равишда 15 нафар профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаган тўгаракларга аъзо бўлган.

Бизнинг асосий мақсадимиз Қорақалпоғистон Республикасини 2018 йилда ёшлар ўртасидаги жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш. Биз бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз”, дейди А.Данияров.

"Ёшлар Пресс клуби"да билдирилган фикрларни сайтимизда кун давомида бериб борамиз. 

Фурқат Юсупов

Бўлимлар