"Қорақалпоғистонда жиноятчилик 17 фоизга камайди, бироқ мақтана олмаймиз. Бу кам" - Ички ишлар вазирлиги

9 январ куни Нукус шаҳридаги Ёшлар Марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёшлар Пресс клуби»нинг илк сессияси бўлиб ўтди.

«Ёшлар Пресс клуби»нинг биринчи сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Кенесбай Нурабуллаев Қорақалпоғистонда рўй берган жиноятчилик ҳақида маълумот бериб ўтди.

"Қорақалпоғистон Республикасида 2017 йилда жиноятчилик 2016 йилга нисбатан 17 фоизга камайди. Яъни ўтган йили жиноятлар сони 595 тага камайишига эришилди. Бу албатта Ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар яхши йўлга қўйилганининг ҳам натижаси деб ҳисоблаймиз. Бироқ жиноятнинг умумий сони 17 фоизга камайди деб мақтана олмаймиз, бу жуда кам. Сабаби хотин-қизлар орасида менталитетимизга тўғри келмайдиган жиноятларнинг содир бўлиши ҳам яхши эмас. Ёшлар орасида 806 жиноят юз берди. Бу жиноятларда 947 нафар ёшлар иштирок этган. Айрим жиноятларни 2-3 та бўлиб, биргалашиб ишлашяпти. Бу ҳали бизларнинг ишларимизда камчиликлар бор эканлигини англатади.

Яна битта камчиликмиз бу, ҳар хил йиғилишларга борсак, энг фаоллари ўша йиғилишларда иштирок этишади. Бироқ яхши ўқимайдиган, кўчада вақтини кўп ўтказадиган ёшлар бундай учрашувларга кам жалб этилмоқда. Биз ҳар бир ёш билан учрашиб, улар билан тушинтириш ишларини олиб боришимиз керак.

Республикамизда ўтган йили 25 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар фақатгина профилактик инспекторлари томонидан аниқланди. 1043 фуқаро шахс маъмурий қамоққа олинди. Улар кўчада кетаётганнинг “болтасини”, келаётганнинг “кетмонини” олиб кўчаларда, бозорларда ўзини тута олмай, оғзига келган турли ёмон сўзларни айтадиган ёшларимиз. Бизнинг мақсадимиз бу йил мана шундай ёшлар орасида ҳуқуқий маданиятни орттириш бўлиб ҳисобланади.

Шунингдек айтадиган бўлсам, ўтган йили ўғирлик жинояти 582 ва алдовчилик жинояти 285 тани ташкил этди", дейди К.Нурабуллаев.

"Ёшлар Пресс клуби"да билдирилган фикрларни сайтимизда бериб борамиз. 

Фурқат Юсупов

"Ёшлар Пресс клуби"га оид материаллар

Бўлимлар