“Мўйноқда болалар колледжга 100 кмдан қатнарди, улар учун 10-синфнинг очилиши қулай бўлди” – Халқ таълими вазири

9 январ куни Нукус шаҳридаги Ёшлар Марказида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёшлар Пресс клуби»нинг илк сессияси бўлиб ўтди.

«Ёшлар Пресс клуби»нинг биринчи сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Аманжол Аяпов бугунги кунда Қорақалпоғистондаги мактаблар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди.

“Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлигига қарашли 705 та мактаб бор. Буларда 294 136 ўқувчи таълим олмоқда. 2017 йилда 16 мингдан ортиқ ўқувчилар таҳсилни 10-синфда давом эттирди. Ҳар бир ўқувчига алоҳида эътибор керак. “Маҳалла, ота-она, мактаб” агар шу тизим яхши йўлга қўйилса ҳаммаси биз кутгандек бўлади”.

Шунингдек Аманжол Аяпов 10-синфларнинг очилиши ҳақида ўз фикрларини баён қилди.

“Ўтган йилги энг тарихий воқеалардан бири бу 10-синфларнинг очилиши бўлди. Бу жуда катта сиёсий воқеа. Сабаби ҳаммамизнинг хабаримиз бор, колледжларда ўқув системаси яхши йўлга қўйилгани билан, давомат масаласи бўйича анча оқсайди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, Мўйноқ туманида 2 колледж бор. Бироқ у колледжларга болалар 80-100 км масофадан қатнайди. Албатта бу, ота-она учун ҳам ўқувчи учун ҳам муаммо. 10-синфларнинг очилиши эса ана шулар учун жуда ҳам қулай бўлди”.

Вазир мактабларда ўқитувчиларнинг таълим сифатини алоҳида оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам айтиб ўтди.

“Мактабларда ўқувнинг сифати бўйича алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Сабаби болаларнинг билим оладиган даргоҳи бу – мактаб. Биринчи навбатда ўқитувчиларнинг таълим сифатини ошириш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда”.

Фурқат Юсупов
"Ёшлар Пресс клуби" модератори

Бўлимлар