ТОП-15. Қорақалпоғистондаги ҳокимиятлар сайтлари рейтинги

Ўтган йили Қорақалпоғистондаги ҳокимиятлар веб-сайтлари рейтингини ҳар ойда эълон қилиб борган эдик. Бу сафар энди 2017 йил якунлари бўйича тузилган рейтингни эътиборингизга ҳавола этамиз.

10-15. Беруний тумани (beruniy.rk.uz)

10-15. Элликқалъа тумани (ellikqala.rk.uz)

10-15. Кегайли (kegeyli.rk.uz)

10-15. Қўнғирот (qongirot.rk.uz)

10-15. Мўйноқ (muynaq.rk.uz)

10-15. Нукус тумани (nukus.rk.uz)

Юқоридаги 6 та туман ҳокимлигининг расмий сайтларига ўтган йил давомида туман ҳаётига оид бирорта ҳам янгилик жойлаштирилмади. Элликқалъа туманига янги ҳоким тайинлангач, ҳокимиятнинг "ellikqala.uz" сайти Ёшлар иттифоқи туман Кенгашига ўтди. Шу тариқа бу туман ҳам аутсайдер туман ҳокимиятлари сайтига айланди.

9. Қораўзак тумани (qoraozak.rk.uz)

Қораўзак тумани ҳокимияти охирги пайтда "KRuz.uz" сайти билан яхши алоқалар ўрнатмоқда ва туман ҳаётига оид янгиликлар сайтда мунтазам равишда эълон қилинмоқда. Бироқ ҳокимиятнинг сайтига ўтган йили атиги битта янгилик жойлаштирилди. Йўқдан кўра яхши ҳар ҳолда.

8.Хўжайли тумани (xodjeyli.rk.uz)

Хўжайли тумани ҳокимлиги расмий сайтига 2017 йилда 3 та янгилик жойлаштирилди. Ўртача ҳар 4 ойга биттадан янгилик тўғри келади. Эслатиб ўтамиз, бу туманда ўтган йил давомида икки марта ҳоким алмашди.

7. Тўрткўл тумани (turtkulhokim.uz)

Тўрткўл тумани ҳокимияти сайти 2018 йилдан бошлаб, бутунлай ўзгарди. Янги ҳоким Н.Худайбергеновнинг "имзо"си билинмоқда. 2017 йил охирида янги сайт ҳам бироз бўлсада кўзга ташланиб турди.

6. Тахтакўпир тумани (taxtakopir.rk.uz)

Тахтакўпир тумани сайти йил давомида бир темпни ушлаб турмади. Онда сонда сайтда туман янгиликлари эълон қилинди. Бироқ шунга қарамай, улар кучли бешликка кира олишмади.

5. Нукус шаҳри (nukuscity.rk.uz)

Нукус шаҳрида ҳоким ўзгаргач, ҳокимиятнинг "ухлаб" ётган сайти уйғонди. Ҳокимлик сайти ноябр-декабр ойларида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган хабарлар билан "кун кечирди". Бу йил шаҳар ҳокимлик сайтидан ҳам янгича ёндашувни кутиб қоламиз.

4. Шўмоной тумани (shomanay.rk.uz)

Бахадир Янгибаев ҳокимлик қилаётган Шўмоной туманида ўтган йилда катта ўзгаришлар бўлди ва буни бевосита ҳокимлик сайти орқали ҳам кузатиб бордик. 2018 йилда туман ҳокимлиги сайти темпни янада ошириб, камида кучли учликка киради деб умид қиламиз.

3. Чимбой тумани (shimbay.rk.uz)

Чимбой тумани ҳокимлиги сайти ҳам анча фаол ишлади. Тўғрисини айтганда Шўмоной ва Чимбой туманлари ҳокимлик сайтлари деярли бир хил ишлади. Бироқ озгина устунлик барибир Чимбойда бўлди ва шу боис ҳам улар кучли учликдан ўрин олишди.

2. Амударё тумани (amudarya.uz)

Амударё тумани ҳокимлиги расмий сайти мавзуларга ёндашиш бўйича яққол етакчи бўлди. Бироқ ҳокимлик сайти йил давомида бир ҳил темпни ушлаб қола билмади. Бироқ туман сайтлари орасида энг яхши дизайн ва мазмунли сайт бўйича улар шак-шубҳасиз биринчи бўлишди!

1. Қонликўл тумани (qonlikol.rk.uz)

Йилнинг энг фаол туман ҳокимлик сайти бу Қонликўл бўлди. Ушбу туман ҳокимлиги сайти деярли ҳар куни туман ҳаётида рўй берган воқеа ходисалар ҳақида маълумот бериб борди. Лекин 2018 йили Қонликўл тумани айни пайтдаги дизайни билан биринчиликни сақлаб қолиши осон бўлмайди. Зеро Амударё ва Тўрткўл туманлари йилни анча фаол бошлашди.

Мазкур рейтинг туман ҳокимлиги сайтларини янада ривожи учун тузилди. Умид қиламизки 2018 йилда барча туманлар ҳокимлик сайтлари ўз фаоллиги билан кучли рақобатга киришишади.

Фурқат Юсупов

"KRuz.uz" сайти раҳбари.

 

Бўлимлар