Давлат тест маркази кириш имтиҳонлари қачон ва қанча муддатда ўтказилишига расман аниқлик киритди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ўз фаолияти доирасида барча турдаги ва шаклдаги оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликдан манфаатдордир. Давлат тест маркази фаолияти ҳамда ваколати доирасида амалга ошираётган, хусусан, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул учун ўтказиб келинаётган тадбирлар юзасидан ОАВни ҳаққоний маълумот ва ахборотлар билан таъминлаб келмоқда. Бироқ кейинги вақтларда баъзи сайтлар орқали ҳатто Давлат тест марказида мавжуд бўлмаган, кун тартибига қўйилмаган масалалар бўйича маълумотлар узатилмоқда. Бундан на сайт, на кенг жамоатчилик ютади. Аксинча, жамиятимизда юз бераётган улкан бунйодкорлик, муҳим ва долзарб ўзгаришларни амалдаги қонунчиликка мувофиқ тезкорлик, холисоналик асосида узатиш тамойиллари бузилмоқда.

Баъзи сайтлар орқали ана шундай мавжуд бўлмаган ёки ноаниқ маълумотларнинг узатилаётганлигини ҳисобга олиб, жамоатчилик ҳукмига тест синови бўйича аниқ факт ва далилларни ҳавола этамиз.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрда “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–3389-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарор натижасида жамоатчилик, абитуриэнтлар ва уларнинг ота-оналари диққатига тест синовига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича қуйидаги янгилик ҳамда ўзгаришлар киритилган:

1. Тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади.

2. Кириш тест синовлари натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб сайтида эълон қилинади.

3. Тест синовлари Тошкент шаҳрида “Ўзекспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павилонларида, унга ёндош қўшимча йиғма павилонларда, катта сиғимдаги биноларда, вилоятларда Олимпия заҳиралари коллежлари ёки бошқа ташкилотларга тегишли сиғими катта биноларда ўтказилади.

4. Алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, мусиқий таълим, санъатшунослик, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларида тест синовлари бўлмайди.

5. Тест синови ўтказиладиган биноларга абитуриентларни шахсни идентификатсиялаш воситалари, видеофиксатсия қурилмалари, металлодетекторлар орқали киритилиши, жараённи ёритиш учун мониторлар ўрнатилиши белгиланди. Абитуриентларнинг ота-онлари учун тест синовларини видеокузатув орқали онлайн режимда кузатиб бориш имкониятлари яратилади.

6. Давлат тест маркази ходимларининг сони кескин кўпайтирилган тузилмаси қабул қилинмоқда.

7. Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Давлат тест маркази барча турдаги ва шаклдаги давлат ёки нодавлат оммавий ахборот воситалари вакилларини тест синовлари тўғрисида аниқ ва муҳим маълумотларни эълон қилиш зарурияти туғилганда аввало Давлат тест марказининг Ахборот хизмати билан боғланишларини, эълон қилинувчи маълумотларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаб олишларини сўраймиз.

Ахборот хизмати.

Бўлимлар