Махсет Утемуратов: “Бир пайтлар мени ўлдига чиқаришган”

Махсет Утемуратов “Нукус ФМ” радиоси орқали эфирга чиққан “5х5””нинг иккинчи бўлимида  ижоддан ташқари саволларга берган жавоблари билан танишишингиз мумкин.

Фурқат (1): Санъаткор зоти борки, миш-миш ҳам бор. Ўзингиз ҳақингиздаги энг беъмани миш-миш…
- Миш-мишларми? Энг беъманиси Махсет Утемуратов ўлиб қолибди дегани бўлса керак. Лекин ўйлашимча миш-мишларнинг зиёни йўқ. Катта устозларимиз айтган халқнинг эътиборидаги инсон орқасидан миш-мишлар бўлади. Наилож барча миш-мишларга кўниб келяпмиз.

Шахзада (1): Ҳаётда энг кўп такрорлайдиган сўзингиз қайси?
- Ҳаётда, саҳнада кўпинча “марҳамат” деган сўзни кўп ишлатаман. (Суҳбат жараёнида эса “энди” деган сўздан кўп фойдаланди)

Фурқат (2): Айтингчи юлдуз бўлиш учун нималар керак?
- Юлдуз бўлиш учун аввало худо томонидан берилган иқтидор керак. Бироқ иқтидор берилганини билиб меҳнат қилиш ҳам лозим.
- Ҳомийнинг қанчалик роли бор?
- Ҳозирги даврга келганда биринчи навбатда ҳомийларга ҳам боғлиқ. Масалан ҳозир барча жой иқтисодий масалалар билан боғлиқ. Бир қўшиқни чиқаришнинг ўзи кўп ҳаражатни талаб қилади. Уни телевидение, радиода айлантириш учун ҳам пул керак. Ўйлашимча ҳомийинг кучли бўлса, юлдуз бўлишинг ҳам шунчалик тезлашади.

Шахзада (2): Оилангиз ҳақида айтиб берсангиз.
- Оиламда катта қизим Дилфуза Тошкент шаҳрида оромгоҳда дам олмоқда. Салим, Заурбек исмли ўгилларим бор. Шунингдек 2014 йилда яна бир ўғилли бўлдим ва унга доимо барча илҳомим келиб турсин деб Илҳомбек деб исм қўйдим.

Фурқат (3): Ҳонанда фақат қўшиқ айтиш билан шуғулланиши керакми?
- Бир йигитга 40 ҳунар оз дегандек, ўйлашимча тадбиркор, фермер ёки қўлидан бошқа иш келса уларни ҳам ишласа бўлади. Хонанда фақат қўшиқ айтиш билан чекланмаслиги керак.

Шахзада (3): Болаликда орзу қилиб, бугун армонга айланган нарса.
- Худога минг шукр бўлсинки, барча ўйлаган режаларим, орзуларим амалга ошиб келмоқда. Шу даражада етишишимга албатта бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимиз сабабчи деб ўйлайман.

Фурқат (4): Махсет Утемуратовнинг халқ билмаган яна қандай хунарлари, қизиқишлари бор?
- Мен ўз ҳунарларимни халқдан яширмайман. Қизиқишларимга келсак, дўстларим даврасида бирор жойга бориб дам олиб, овқат пиширишни яхши кўраман.

Шахзада (4): Кимларга яхшилик қилгансиз ёки энди қилмоқчисиз?
- Узр, бу саволингизга мен жавоб бера олмайман. Яхшилик қилган инсонларимни ҳеч қачон айтмаганман. Яхшилик ишлаганингни айтсанг, ундан кўра ишламаганинг яхши. Сабаби миннат қилгандай бўласан. Ўзимдан ёши улуғ бўлсин, кичик бўлсин қўлимдан келганича яхшилик қилишга ҳаракат қилдим. Айримларини бажара олмадим. Буни ҳам тан олишим керак. Менга ишониб келишган пайтларида бажара олмаган пайтларим ҳам бўлган. Бироқ доимо қўлимдан келганича ҳеч кимни хафа қилмасликка ҳаракат эттим.

Махсет Утемуратов: “Бир пайтлар мени ўлдига чиқаришган”

Фурқат (5): Махсет Утемуратовнинг танқид кўтара олмаслиги ростми?
- Йўқ, бу ёлғон. Мен танқидни доимо тўғри қабул қиламан. Ҳеч қачон мени танқид қилган инсонларга жаҳл қилмаганман. Балки уларники ҳам тўғридир. Шундай пайтлари мен паст бўлақолай деганман.

Шахзада (5): Бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?
- Бўш вақтимни оилам учун ажратишга ҳаракат қиламан. Шунингдек баъзан дўстлар даврасида хордиқ чиқаришим, футбол ўйнашим мумкин.

Фурқат Юсупов, Шахзада Базарбаева

Бўлимлар