«Каптива сабаб эмас». Президентдан совға олган Алишер Қурбонов нима учун Қорақалпоғистонда қолгани ҳақида

Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 15-16 декабр кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Германияда 11 йил давомида ўқиб, ишлаган фан доктори Алишер Қурбоновга Каптива автомобилини совға қилгани анча шов-шув бўлган эди.

Биз Қораўзак туманидаги «Panaev farms» фермасига ташриф буюриб, А.Қурбонов билан суҳбатлашдик.

“Германияда 11 йил давомида ҳам ўқиб, ҳам ишладим. Диссертациямни немис тилида ёқладим. Ўтган йили уйга дам олишга келганимда, Қутлимурат ака (Панаев) мени шу ерда қолиб, ишлашимни сўрадилар. Бунинг учун менга барча зарур шароитларни яратиб бердилар. Ферма ичида уй қуриб бердилар. Бироқ мен битта жойда узоқ вақт қолиб кетсам, анча қийналаман. Доимий ҳаракатда бўлишга ўрганиб қолган эдим. Шу боис 19 декабр куни яна Германияга кетишга қарор қилдим ва 6 ой ишлаб, кейин яна фермага қайтмоқчи эдим. 15 декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашув ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Менга Каптива автомобилини совға қилишлари ҳатто тушимга ҳам кирмаганди. Президент билан учрашувдан сўнг мен Қорақалпоғистонда қолишим керак эканини тушиндим. Йўқ, бунга Каптива сабаб эмас. Президент ишонч билдирдими, демак уни оқлашим керак. Халқимга нафим тегиши керак. Шундан сўнг ҳар куни камида 2-3 та фермер фермага ташриф буюриб, иш жараёнларимиз билан ўрганмоқда”.

Алишер Қурбонов Каптива совғасини олганидан сўнг билдирилган салбий фикрлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

“Президент Каптива берганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда турли инсонлар ўзи Германияда ишлаган бўлса, унга Каптива беришнинг нима кераги бор ёки шунга ўхшаш танқидий фиррларни билдиришган. Хатто айрим инсонлар телефон қилиб “Жиннимисан, Германияда ишлаб юравермайсанми, нима қиласан қайтиб”, деб айтишди. Бироқ ҳар бир инсон ўз юртида ишлашни хоҳлайди.

Биласизми, Германияда ишлаётган ҳамюртларимиз кўплаб топилади. Улар ҳам юртимизга қайтиб, шу ерда ишлашни хоҳлашади албатта. Бироқ улар ҳам уй олиш учун пул тўплашади, кунни кун демай, тунни тун демай ишлашади. Агар уларга ҳам юртимизда яхши имконият яратиб берилса, қайтишга тайёрлар”.

Ижтимоий тармоқларда уни шифокор ёки ветеринар дея билишлари ҳақида ўз фикрларини баён этди.

“Мен фан докториман. Мол дўхтири ёки шифокор эмас. Германияда қишлоқ хўжалиги мутахассислиги бўйича магистрлик, иқтисодиёт бўйича докторлик илмий ишларимни немис тилида ёқладим ва келажакда ҳали илмий ишларимни давом эттириш ниятим бор”, дейди Алишер Қурбонов.

 

Алишер Қурбонов билан танишар эканмиз, унинг анча оқкўнгил ва самимий инсон эканига амин бўлдик. Унда телевизор кўриш ёки интернетга кириш учун вақт йўқ. У ҳатто уйидаги телевизорнинг пулти қаерда эканини ҳам билмайди. Бу гапларни ўқиётган одам анча бўрттириб юборибди деб ўйлаши мумкин. Бироқ бу ҳақиқат. Дарвоқе, Алишер Қурбонов сўзининг якунида яқин орада фермерлар учун ҳафталик ўқув семинарини ташкил этишни режалаштираётгани алоҳида таъкидлаб ўтди. Тез орада бу ҳақда батафсил маълумот бериб ўтамиз.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар