Қонликўл тумани ҳокими: “Колледж ўқувчиларини қизиқтирадиган биринчи масала – иш”

«KRuz.uz» сайти раҳбари Фурқат Юсупов Қонликўл тумани ҳокими Мэлс Қосназаров билан суҳбат уюштирди.

Мэлс Идрисович ёшларга қандай қулайликлар яратиб берилганини айтди.

“Туманимизда дам олиш масканининг ўзи йўқ эди. Ёшларга биринчи навбатда билим бериш даражасини кўтариш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш вазифамиз ҳисобланади. Туманимизда мустақиллик байрамидан олдин дам олиш масканини (парк) ишга туширдик. Шунинг ёнида ёшларда китобхонликка бўлган қизиқишини орттириш мақсадида парк ёнида китобнинг ҳайкалини ўрнатдик. Шу жойда китоб фестивалини ўтказдик ва китоб савдосини ўтказиб, четда кузатиб туриб, шунга амин бўлдикки болаларда китоб ўқишга ва сотиб олишга бўлган қизиқиш биз кутганимиздан ҳам анча юқори экан. Шуларни инобатга олиб китоб дўконини ташкиллаштиряпмиз.

 

Ёшлар орасида спорт мусобақаларини ўтказдик. Ойига икки марта ҳоким ва ёшлар учрашувини ўтказамиз. Колледж ўқувчиларини қизиқтирадиган биринчи масала, иш ҳисобланади. Шуларни инобатга олиб ўқув марказини ташкил этдик. Нукусдан хусусий корхонани таклиф қилиб, Саноаттранспорт колледжидан бино ажратиб бердик ва улар ўқув марказини очишди.

Шунингдек ҳоким халқ билан мулоқот қилгани ҳақида ҳам айтиб ўтди.

“Туман ҳокимлиги сайти мунтазам тарзда ишлаб турибди. Бундан ташқаро бизнес портал очиб қўйибмиз ва бу ерда виртуал қабулхонамиз ҳам бор. Ижтимоий тармоқларда махсус саҳифа очганимиз йўқ. Лекин бу режамизда бор. Бизда аҳоли кўпроқ юзма-юз кўришиб мулоқот қилишни яхши кўришади. Сабаби жонли мулоқот барибир бошқача бўлади. Шуларни инобатга олганда ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари соат 10:00 дан бошлаб халқ қабулхонасида ўзим ўтираман. Аҳоли хоҳлаган масалада мурожаат қилади.

Бундан ташқари биз ҳар ҳафтада уйма-уй юриб учрашувлар ўтказамиз. Ҳар пайшанба куни профилактика куни доирасида жиноятчилик бўйича ИИБ ва прокуратура бўлимлари билан биргаликда халқ билан мулоқот ўтказамиз. У жойларда ҳам фақатгина профилактика билан чекланиб қолмасдан, бошқа масалалар бўйича ҳам аҳоли дардини тинглаймиз.

Халқ билан мулоқот доирасида ташкилотларга кириб борганимизда ҳам , текширувчи комиссия сифатида эмас, оддий инсон сифатида уларнинг муаммосини сўраймиз. Кўчада кетаётганда ҳам фуқароларимиз билан суҳбатлашиб, ўзимни таништирмасдан ҳам уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқаман. Ҳар ҳил одамлар бор. Кимдир ҳоким билан суҳбатлашганда, ундан тортиниши ёки аксинча очилиб гаплашиши мумкин”, дейди Мелс Қосназаров.

Қонликўл тумани ҳокими Мэлс Қосназаров билан интервю

Бўлимлар